пятница, 2 марта 2018 г.

5. ГУЖУМЛАР ҚЎШИҒИ: Хотима


Бир хоразмлик дўстимга Матназар Абдулҳаким шеърияти ҳақида ёзмоқчилигимни айтдим. У қандайдир фикр беришини кутиб турганимни сезиб хижолатомуз гап бошлади: “Мантазар Абдулҳаким ҳақида нимадир дейишдан уяламан. Чунки бир элдан бўлиб туриб унинг ижоди билан пойтахтда танишдим. Унинг китобларини одамлар энди қидириб қолишган. Ҳақиқий шоир дунёдан ўтгач тан олинади дейишгани рост, шекилли”. Дўстимнинг сўзидан кейин хаёлим яна шоирнинг Хоразмда ҳайкал ўрнатилган ўша машҳур шеърига кетди. “Дарсдан сўнг”. Дафтар топширмаган ўқувчи ўз муаллимининг фожиасига сабаб эканини сезиб “ҳаммадан ҳам ёмон йиғлайди”. Шоир халқига “дафтар топширмаган”дек сезади ўзини. Шеърларини эса бор-йўғи машқ деб ҳисоблайди. Машқки, кун келиб муаллимага нажот берган дафтарлардаги ёзувлардек халқнинг машаққатли сафарларида кўмак берсин. Бу шеърнинг охирида айтилган мисралар шоирнинг бутун умрлик маслагини билдирар, балки. Эҳтимол, унинг баланд мартабаларга интилмагани, Бедил, Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд асарларини таржима қилиш йўлида заҳмат чеккани ва бу ишни қойиллатиб бажаргани, Навоий ва Огаҳий ижодига оид илмий тадқиқотлари, Хоразм Маъмун академиясида олиб борган фаолияти, энг асосийси, жимжималардан холи бўлган гўзал шеърияти – ҳамма-ҳаммаси миллат аталмиш муаллимни қашқирлардан омон олиб ўтиш учун машқ дафтарига (моҳиятан умр дафтарига) битилган машқлардир.
Мен машқ бажараман,ёзаман ҳар кун
Дараклар, сўроқлар, хитобларимни.
... Сен йўл бўйи ёқиб ташлаб кетавер
Қашқирлар қўрққувчи китобларимни.

Суҳроб Зиё

4. ГУЖУМЛАР ҚЎШИҒИ: “Булбул сайраётир, астағфуриллоҳ”


Кўз олдимга ўтпараст Зардушт қадами теккан ерларда, шамоллар бағрида шовуллаб тебраниб ётган гужумлар келади. Минбарга, мансабга, марказга интилмаган хокисор ижодкор ўзи куйлаган гужумларга ўхшайди. У ўсаётганини иддао қилмайди. Ўсиш, одамларга соя бериш, шу тупроқ учун яшаш – унинг оддий вазифаси. Танасини қурт-кумурсқалар кемириб ташласа ҳам “Қизил китоб”лардан паноҳ ахтармайди...
Биз ҳеч бевафолик қилмаймиз,
Бош олиб кетмаймиз ҳеч ерга.
“Қизил китоб”олис. На чорамиз бор?!
Балки, кириб қолармиз... шеърга...
Бу қайсар гужум ўз қисматидан юз ўгирмайди:
Хоразмда қоламиз
Ғажиб турса ҳам
Азим танамизни шилимшиқ қуртлар.
Усмон Азимнинг машҳур сатри ёдга келади:“Жўнадим баландроқ осмонлар томон...” Шоир зоти борки, ўзлигини пойтахтдан ахтариб кўради. Пойтахт – ижодкорни чин маънода кашф этадиган манзил. Пойтахтда туриб юртнинг ҳар бурчига кириб бориш мумкин. Аммо чеккада туриб пойтахт муҳити билан курашиш қийин. У миллий адабиётнинг катта қозонидан қайнашга қасдланиб келган ёзарманларни бағрига олади. Кейин ўзи учун баъзиларини ажратиб олади. Қолганларини... Вилоятда ижод қилганларнинг бутун мамлакатда мухлислари бўлиши унинг чиндан кучли эканига далолат. Матназар Абдулҳаким Тошкентда яшаганида, ҳозир бунданда катта эътирофларга сазовор бўлиши, яқинлашиб келаётган 70 йиллиги эса мамлакат миқёсида нишонланаётган бўларди. Шу сўзларни ёзар эканман, Паҳлавон Маҳмудлар, Нажмиддин Кубролар хоки ётган тупроқдан узоқ кетмай, уларнинг руҳидан мадад олиб яшаган, марказ муҳити билан бўйлашиб, гоҳи ундан ўзиб кетиб ижод қилган алломанинг яна ўша сатрларини такрорлайман:
Хоразмда қоламиз
Ғажиб турса ҳам
Азим танамизни шилимшиқ қуртлар.

четверг, 1 марта 2018 г.

3. ГУЖУМЛАР ҚЎШИҒИ: “Асал йўқдир менинг товонларимда”


Талаба бўлганимнинг биринчи йили “Жавзо ташрифи”ни қўлимда кўриб қолган курсдошим ялиниб-ёлвориб ўқишга сўраганди. Таътилда вилоятига олиб кетибдию, уйига ташлаб келибди. Сўрасам, “бу китоб менга совға бўлсин”, деди. Совға бўлса яхшию, ўқигим келганда тополмай қолишим ёмон-да. Бир йилдан кейин унинг қўлида шу китобни кўриб қолдим. Ичига менинг номимдан “Эсдалик учун” деб ёзиб ҳам қўйибди. Роса кулишдик. Китоблари шундай қўлма-қўл бўлиши шоир учун катта  бахт бўлса керак. “Жавзо ташрифи”дан сал кам ўн йил ўтиб чоп этилган шоирнинг “Танланган асарлар”и бу ташналикни қондиришига умид қиламиз.
Икл бор “Жавзо ташрифи”ни қўлга олганимда, ўзига хос услубга дуч келдим. Мен ўқиган китобларда шеърдаги ҳар бир сўз нафис, ипакдек майин товланиши керак эди. Оҳанг гўзаллиги деган гаплар ҳам бор. Матазар Абдулҳаким мендаги бу қарашни йўққа чиқарди. Бир шеърида бул шоир “Келгунингча Урганч – дабдала”, дебди. Қандай қилиб шеърда шундай дағал сўзни қўллаш мумкин?! Аммо бунинг уддасидан чиқилган. Бир шеърида жуфтидан айрилган заҳот ўзини ўлимга маҳкум этган ғозни бўри ёки тулки эмас, “ўзимизнинг эзгуликхўрлар” зиёфатда еганини айтади. Ёки бошқа шеърда “Бу одамни ҳайвон деб сўкманг, Ҳайвонларни қилманг ҳақорат”, деб “чақиб олади”. Сўзнинг хунуги бўлмайди. Сўз илоҳий. Энг жўн сўз замирида ҳам бадиийлик пинҳон. Ҳазрат Навоийнинг супурги ёки ўргимчак тўри каби оддий нарсаларга бадиий жило бериб юборганини эслаш кифоя, бизнингча. Матназар Абдулҳакимнинг илк тўпламларидан бўлмиш “Фасллар қўшиғи”нинг дастлабки шеъри шундай бошланади: “Фасл танламаймиз. Тўрт фасл – баҳор”. Шоиримиз сўз ҳам танламайди, Ҳамма сўз  гўзал. Ҳамма сўз – Шеър!
Фикримиз исботини унинг ўзи бир шеърида айтиб кўйган экан. “Шеърингиз кўп қўпол. Шеърда ҳар бир сўз жаранглаши керак дилни қитиқлаб. Сал нафисроқ ёзинг...” Шундай маслаҳат берган “мутахассис”га жавобан бир ривоят келтиради. Қайсидир юртда жиноятчиларга жазо беришнинг бир усули жорий этилган экан. Улар тахтага чандилиб, товонларига асал суркалган. Қолгани айиққа ҳавола қилинган. Маҳкумлар товони қитиқлангандаги кулгуга бардош беролмасдан юраклари ёрилиб ўлар экан. Тарих бундай “шакарғуфторлик” билан не-не халқлар ялаб-юлқаб йўқ қилиб юборилганига гувоҳ бўлибди. Элда эса айиқлар ва ҳакамлар тирик қолган. Шоирни қитиқлашга даъват этаётганларга унинг жавоби бор:
Гарчи кўпчиликка манзур, азизсиз,
Ҳақ сўзни айтишдан ҳайиқмасман мен.
Сиз-ку қитиқлашда мутахассиссиз,
Мен ҳакам эмасман, айиқмасман мен.
Шоирнинг шахсияти ҳам, шеъри ҳам жимжимадорликни кўтармаслигининг исботи бу. Ҳар ҳолда у ўзини қитиқлаб том маънода ўлдиришларига йўл қўйманди.

Менинг дард – шарафим,
Менинг ғам – шаъним,
Кўзларим – олддаги довонларимда.
Оёғимга боқманг бундай тамшаниб,
Асал ҳам йўқ менинг товонларимда.

2. ГУЖУМЛАР ҚЎШИҒИ: “Мажнун бўлиб қоласиз, толлар...”


Қашқадарё тоғларининг сўлим оромгоҳи. Мушоира. Ҳар ким шеърнамо ёзганларини ўқийди. “Келинг, энди катта шоирлардан айтамиз”. Бир қиз шундай дедию, шеър бошлади:
Не-не умид билан кўз тутдим,
Кутганларим бўлди уволлар.
Мен ақлдан озмай кетаман,
Мажнун бўлиб қоласиз, толлар...
“Бу шеър унверситетимизда мадҳия бўлиб кетган”. У сўзини шундай тамомлади. Бу Матназар Абдулҳаким шеърияти билан иккинчи бор юзма-юз келишим эди. Унинг шеърлари билан яқиндан танишиб борар эканман, шоирнинг сезимлари ингичкалигига, сўзнинг товланишларини пайқай олишига иқрор бўлиб боравердим. Кутганлари увол бўлган одам ақлдан озмай кетаркану,  толлар мажнун бўлиб қоларкан. Мажнунтолдай эгилиб қоласиз, демоқчими ёки? “Мажнунтол” сўзининг қисмларга ажралиши шундай гўзал бадиийлик касб этаркан, қаранг-а.
Ижодкорда истеъдод билан тенг илм ҳам бўлиши асарларини юксакка кўтаради. Она тилининг руҳини сеза олиш шеърнинг тўғрилигини таъминлаши билан бирга унинг бадииятига ҳам таъсир ўтказади. Матназар Абдулҳакимнинг етук адабиётшунос эканлигини ҳам айтишади. Шоирнинг илмий асарларини ўқимаганману, унинг баъзи шеърларига қараб ўзбек тилини унча-мунча “шунос”лардан кам билмаслигига амин бўламан. Тилимиз ташбеҳ даражасидаги иборалари билан гўзал. Уларнинг жилоси асарга ранг бағишлайди. Масалан, одам нимагадир суянади. Кекса, ҳорғин киши ҳассага таянса, гуноҳкор тавбасига таянади. Юрт озодлиги йўлида қон тўкаётган ёвқур нимага таянади? “Жалолиддин” шеърида шундай мисралар бор:
Мардик ҳамда номардлик юкин
Илғамадим, тўкиб шунча қон.
Тавба деган ҳасса бор... лекин
Таянмайман унга ҳеч қачон.
Ўн йиллар юртма-юрт кезиб, мўғуллар билан курашган йигит охир чарчайди. Аммо...
Мен ҳоридим. Ёмон чарчадим.
Суянаман бир пас найзага.
Жангчи тавбага ёки ҳассага эмас, найзасига суянар экан, демак, у ҳали курашни тўҳтатмайди.
Яна бир иборанинг бадиий чизмасини кузатинг: “Исмотут ота – Хоразм воҳасидаги қадамжо. У ерда ҳар йили куз фаслида аждодларни хотирлаш маросими, сўнгра эса улкан халқ сайиллари ўтказилади. Исмотут ота қадамжоси воҳанинг олис бир чеккасида бўлгани учун хоразмликлар саргашта одамларни “Исмотут Отада ис бор деса югурасан” деб ҳам ёзғирадилар”. Шу изоҳдан сўнг шеър бошланади:
Исмотут отадан бахт иси етди,
Бўйнингда кўзимдан мунчоқлар шода.
Сендан мумтоз ҳаёт дунёда йўқдир,
Йўқдир сендан мумтоз ўлим дунёда...
“Исмотут Отанинг иси” яна узоқларга хаёлни олиб кетади.
...Исмотут отада халқнинг азаси,
Исмотут отада халқнинг бахт тўйи.
Исмотут отада ис бор десалар,
Димоғимга келар сочларинг бўйи...
...Исмотут отадир сенинг юрагинг,
Унга ишқдан бўлак бир сир айтмайман.
Бораман Исмотут отага ҳар гал,
Бир гал... қайтмайман.
Бир ибора шоир илҳоми билан бадиий юксакликка кўтарилди. Хулоса ва ечим эса қуйидагича:
Сен қайтасан менсиз, азадор, гирён,
Қуёшлар ботади хаёлларингда.
Исмотут отадан бошқа ҳамма ер
Ҳувиллаб ётади хаёлларингда.
Исмотут отанинг иси қандай қилиб муҳаббат исига айланиб қолганини сезмай қоласиз. Ҳа, “Шеъриятда ҳамма нарсанинг иложи бор ва  жуда боплаб қилиш мумкин бу ишни”. Шу сабабдан ҳам шоир қарорига бўйсунган яна кўплаб “барқарор бирикмалар”ни келтиришимиз мумкин. Улар шоирнинг асарларида Хоразмнинг гужумларидек шовуллаб туради:
Самода чарх урган ер курраси ҳам,
Шудгордаги қуйруқ...
Шудгордаги қуйруқ... (“Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур?” нақлига ишора).

***
Гулим... дилим... шу ҳам ҳаёт бўлдими,
Худо раҳмат қилган бўлсин бизларни.

***
Мен ҳаддан ташқари севаман сени,
Сен мени севмайсан ҳаддан ташқари.

***
Мен яратиб қўйган дунёни дўстлар,
Юракдан кечиринг, кечирманг кўздан.

***
Ҳаёт ўзи шундай. Кимдир оёғи,
Кимдир боши билан оқсайди.

***
Майлига бошқоронғи бўлсин
Менинг юрагимга илонлар.

Мумтоз шеъриятимизда “китобат” санъати бор. Араб алифбоси ҳарфларидан ёр жамолини таърифлашда фойдаланиш, ҳарфлар билан бадиийлик барпо этиш шоирларимиз ижодида кўп қўлланган. Огаҳий бобомиз “Қатлим учун “нас” келтирур, “нун” элтибон “сод” устина” дея лутф қилганида “нун”нинг ёйсимонлиги ва “сод”нинг қўзга ўхшашлигига ишора қилади. “Эй яхшилар, ёрнинг қошу кўзи мени қатлга ҳукм этди. “Нун” ва “сод” иттифоқи ҳукм (арабчада “нун”+ “алиф”+ “сод” = “нас”) бўлиб мени қурбон қилмоқчи” деб оҳ чекади. Ўтган асрда қайта-қайта имло алмашишларини кўрган (бунинг асоратини ҳозиргача кўраётган) халқимизга ижодкорлар бу мураккаб санъатни тақдим этишга ийманишди. Абдулла Орипов бир ғазалида шунга киноя қилиб “Ҳарф ўйин айлай десам, ўзгадир имло бу кун” деган эди. Икки аср берида Огаҳий бобонинг этагини тутган яна бир Хоразм фарзанди “Сиртқи сабоқ” деган шеър ёзиб  сал кам “китобат”ни янгидан тирилтириб юборди. Аммо у ҳарфлар эмас, грамматик қоидалар асосига қурилган:
Мен сени севаман... о, қурсин эсим,
Наҳотки, “Мен” – эга?.. “Севаман” – кесим?..
Бу қандай қоида бўлди? Ахир, бу гапда муҳаббат эга-ку! Шоир имло қоидаларига қарши исён қилади. “Ни”ни эмас, сени севаман, ахир”, “Кўзим йўқ кўришга турқини “нинг”нинг”, “Сен бўлсанг шу қадар келишгансанки, Муҳаббатдан бошқа келишигинг йўқ”, “Юрагим ким ўзи, юрагим нима?”
Имло хатоларга тўла ёр мактубини ўқир экан, унинг “ҳозир паришонроқман” деган изоҳи ҳам унга қувонч беради:
На бир дарак гап бор мактубларингда,
На бир эргаш гап бор мактубларингда.
Фақат юрак гап бор мактубларингда,
Фақат тергаш гап бор мактубларингда...
Ҳа, Матназар оғанинг ўзи айтганларидек, “мактублар – ишқ дардин маҳзун иложи”! Аммо шу мактубларга-да интизорлик ошиқни қийнайди. Ошиқ ёрнинг имло хатоларини соғингандек, ёр ошиқни соғинармикан? Нима бўлганда ҳам унинг кўзлари ҳеч қандай имло қоидаларсиз йўлга термулаверади. Ёр эса... О, буни шоир айтсин:
Сен эса омон бўл бош келишикда,
Сарвиқад ва қаламқош келишикда.
Мактублар битавер, майли, паришон,
Таъна келишикда, тош келишикда.
Сен фақат унутма, фақат унутма,
Кўзларим кўп ёмон соғинди сени
Қайғу келишикда...
ёш...
        келишикда...
Буни шеър дейдилар. Бундай интеллектуал бадииятни бошқа ижодкорларда топиш қийин. Бу асарга ҳайрат келишигида, санъат келишигида қараб қолаверамиз.

1. ГУЖУМЛАР ҚЎШИҒИ: Дарсдан сўнг...


Бир шеър ўқидим яқинда. Қашқир ғажиб кетган ўқитувчи ҳақида. Агар шундай ёзолмасангиз, шеър ёзаман деб овора бўлиб юрманг. “Жавзо ташрифи” номли китобни топиб ўкинг.
Совуққон устозимнинг сўзларидан  бир қанча бақт ўтгандай кейин ўша китобни топмоқчи бўлдим. Аммо китоб номи ёдимдан чиқиб кетган экан. Мауллифини эса билмасдим.
Кунлар ўтди.
Бир куни “Шарқ зиёкори” китоб дўконининг Қарши шаҳар бўлимига кирганимда ўша сўзларни эсладим. “Жавзо таърифи” деган китоб борми десам, хушбичим сотувчи қиз “йўқ” деб жавоб берди. Мен қайтиб чиқишга шайландим.
Тўхтанг, сиз қидирган китоб “Жавзо ташрифи”дир...
Олганим китоб бўлди, топганим хазина бўлди. Коллеж аталмиш даргоҳнинг ўқувчиси ўзбекнинг Матназар Абдулҳаким деган шоири борлигини қайдан биларди? У мактаб дарслигида киритиш лозим топилган шоирларнигина танирди. Қурғур дарсликка кирган ижодкорлар эса 10-15 йилда бир янгилана қолмайди. Дарсликдан нари ўтмаган ўқувчи “Дарсдан сўнг”ни билармиди? Хуллас, айнан шу шеър “Жавзо ташрифи”га сабаб бўлди. Бу ташриф мен учун янги бир бадиий дунё ташрифини бошлаб берди. Бу дунёнинг мен англаган мўъжизалари ўзи ҳақида ёзишга ундади.  Демак, ушбу ёзмишларимнинг бош сабабкори “Дарсдан сўнг”дир. Шу боисдан сўзимни ундан бошладим.
“Кимнидир койиди чеккани учун.
Тортиб олиб қўйди гугуртини ҳам.
Машқ дафтарларини йиғди-да, сўнгра
Бир-бир санаб кўрди. Етти дафтар кам.
“Ҳар гал шундай аҳвол. Уялмайсизми?
Келасиз ўқишмас, қилиш учун сайр.
Бу сафар ҳам икки қўймай тураман,
Эртага қолганлар топширсинлар. Хайр”.
Шундай қилиб дарс тугади. Муаллима қўшни овулдаги уйига бориш учун кеч бўлганда қир ёқалаб йўлга тушди. Эри олиб кетишга келмаганди. Дугонаси уйига таклиф қилди. Қолмади.
“Кўнгли совидимикин?” “Болам касал бўлиб қолдимикин?”  Минг турлик шубҳа-гумон тинчлик бермай одимлайверди. Бир пайт...
Мудҳиш бир шарпани илғади ногоҳ,
Разм солса қашқир. Қиларди таъқиб.
Эслади йиртқичнинг қўрқишин ўтдан,
Изига бир дафтар ташлади ёқиб...
Ҳаёти қил устида  турган муаллимага ўқувчиларнинг дафтари нажот беради. Йиртқич ўзи ўлжа деб қараётган вужуд илмнинг, меҳрнинг нури билан йўғрилганини билармиди? Дарс бериш учун қир ошиб мактабга келадиган фидойи аёл қайдаю, оч қашқир қаёқда? Аммо...
Уйга яқин қолган вақтда тугади
Муаллимда дафтар, қашқирда – тоқат.
Тамом. Шоир ҳам шундай бешафқат бўладими? Шу дафтарлар муаллимни қутқариб қолди деса ҳам бўларди-ку. Балки, шунда бу шеър минбарларда гумбурлатиб ўқиладиган мадҳия бўлиб кетармиди? Ўўў, Матназар Абдулҳаким бундай қилмайди. У ҳаётнинг бор фожиасини юзинг-кўзинг демай очиб ташлайди. Хуллас, тонгга қадар муаллимнинг ҳаётини асраб келган машқ дафтарлар тамом бўлди:
Уввос фиғон тутди қишлоқни тонгда,
Замин аза тутди, замон йиғлади.
Дафтар топширмаган етти ўқувчи
Ҳаммадан ҳам ёмон йиғлади.
Шу билан ҳикоя тугади. Аммо шеър тугамайди. Шеърни тамом қилиш учун дунё воқеаларига йўл бўлсин. Ахир, шеърият бир илдизи илоҳиётга туташиб турган санъат-ку. Шоир эса дунёдаги ҳар бир фожиага ўзини даҳлдор деб билгувчи сиймо. “Замонни йиғлатган” қишлоқ муаллимасининг ўлимига ҳам шоир ўзини айбдор деб билади. Балки, чиндан айбдордир:
Нўноқ назмим учун афв эт, халқим,
На олим, на шоир, на сўз пириман.
Ўз вақтида дафтар топшира олмай
Қолган болаларнинг бириман.
Аям шу шеърни ёқтиради. Умри машқ дафтарлари ичра кечаётган инсон ўз ҳамкасбининг фожиасини кўз олдига келтирар экан, ҳаёти биргина “муаллим” деган сўз билан ўлчанишини дилдан ўтказса керак. Аям жажжи қўлчаларнинг имлоси  билан тўлган машқ дафтарлари бир кун келиб ўзининг ҳам жонига ора киришини ўйлаб ҳаловат топса, не ажаб. Бироқ у Матназар Абдулҳақим деган шоир ҳақида эшитмаган. Аммо унинг биргина шеърини ўқигиси келаверади.  “Ижод билан қалбларга кириб бориш” деган ибора шу жойдагина қўлланилишга лойиқдек туюлади. Йўқ,унчаликмас. Шоир ижодини юракларга жой этадию, ўзи ортга чекинади. Унга асарлари қалбларда қолиши етарли. 
Ҳар бир ижодкорнинг “ташриф қоғози”га бор. “Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб”деб сўз бошланса, хаёлимиз Чўлпонга кетади. “Ўзбекистон ватаним маним” десак,  Абдулла Орипов кўз олдимизга келади. Шавкат Раҳмоннинг “Туркийлар”и эса унинг бор ижодий салоҳиятини, бир умрлик эътиқодини намоён қилган. Албатта, уларнинг бошқа буюк асарлари ҳам бор. Лекин халқ қалбига шоир бир асари билан чуқурроқ кириб боради. Шу асар унинг “ташриф қоғози” бўлади. Кимдир буни шоҳ асар дейди, кимдир ижод чўққиси, нима бўлганда ҳам Леонардо Да Винчи қанчалик даҳо бўлмасин, Уни “Мона Лиза”сиз тасаввур қила олмаймиз. Ташбеҳ жоиз бўлса, “Дарсдан сўнг” шеъри Матназар Абдулҳакимнинг “Мона Лиза”сидир. Шоир кўп йиллик ижоди давомида кўплаб “мона лиза”лар яратди.

пятница, 22 декабря 2017 г.

ТАЛАБАНИНГ ОВОЗИ ёхуд журналистик таълимдаги айрим муаммолар хусусида


Ижтимоий тармоқларда ва ўзаро суҳбатларда муҳокамага сабаб бўлаётган мавзулардан бири олий таълим тизимидир. Бу соҳада йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этиш  чора-тадбирлари имкон қадар кўрилмоқда. Аммо... Олий таълим муассасаларида ўқиётган талабалар нима хоҳлаётганига кимдир қизиқдими? Ҳар холда, сал кам олий маълумотли, бўлажак мутахассис ўзига нима кераклигини бошқалардан яхши билса керак!? Ёки бошқа фикрдамисиз? Ахир, “табиб – табиб эмас, бошидан ўтказган – табиб”.
“Журналист объектив бўлиши керак”. Талаба бўлганимиздан бери устозлар шу гапни қулоғимизга қуйиб келади. Биз ҳам унга қатъий амал қиламиз. Шунчалик объективмизки, бошимиздан ўтаётган муаммоларга четдан қарашга ўрганиб қолганмиз. Бу анъанани бузиб, тизимга субъектив ёндашаётганим учун узр сўрайман. Чунки мен шу тизим ичидаман. Халқимизда “уйдаги гапни кўчага олиб чиқма”, деган гап бор. Аммо журналистиканинг асосий принсипларидан бири ошкораликдир. Бўлажак журналист сифатида ўзимизни қийнаётган муаммоларни очиқ таҳлил қилолмасак, эртага жамиятдаги иллатларга қандай қилиб ҳаққоний баҳо берамиз? Айни ўйлар бу мавзуга қўл уришимга туртки бўлди.

Бакалавр даражасида журналистик таълим берадиган икки катта  даргоҳдан бири ЎзДЖТУнинг халқаро журналистика факультетидир. Факультет талабалари “халқаро” сўзига алоҳида урғу беришни ёқтиради. Чунки уларни ЎзМУ журналистикасидан фарқловчи ягона белги айнан шу сўз, холос. Яна бошқа фарқлар ҳам бор. Масалан, ЎзМУда филология билан боғлаб ўтилади, ЎзДЖТУда инглиз тилига асосий эътибор қаратилади. 
2015 йилда ўқишга ҳужжат топширар эканман, халқаро журналистикани танлаганимнинг боиси ҳам шундан эди. Инглиз тилидан саводим ҳаминқадар бўлгани учун “шу ерда ўқисам, тилни чуқурроқ ўргишим мумкин бўлади” деб ўйладим. Имтиҳонда инглиз тилидан 33 % натижа кўрсата олдим, холос. Бироқ биринчи ва иккинчи фанлардан олган балларим умумий кўрсаткичимни кўтариб берди. Бу ерга келганда эшитганимиз эса: “Сизлар чет тилини ўқишга кирмасдан ўрганиб келишингиз керак эди”, – деган гап бўлди. Начора, аслида ҳам шундай. Лекин савол туғилади: “Чет тили энг муҳими экан, нега уни имтиҳонда биринчи фан қилиб қўйилмаган? Нега учинчи блок фанини биринчи даражада талаб қилинади?” Жавоб аниқ: “Журналист, аввало, она тилини яхши билиши шарт.” Унда  қани ЎзМУ журналистикаси билан ўртадаги фарқ?
Ҳа, мана.
Талабалар инглиз тилини билиш даражасига қараб гуруҳларга бўлинди. 1 гуруҳ чет тилини яхши биладиганлар, 3 гуруҳ энг паст даражадагилар, 2 гуруҳ эса гоҳ ундан, гоҳ бундан тўпланган талабалардан иборат эди. Қайси гуруҳга тушганимни англагандирсиз? (Бунда ҳеч кимни айблаш ниятим йўқ). Хуллас, бизда талабалар шундай табақаланади.
Тил ва адабиётни ўқитиш  масаласига келсак, кўпчилик талабаларнинг фикри қуйидагича: “Халқаро журналистикада нега адабиёт, тилшунослик, фалсафа каби фанлар чуқур ўтилиши керак. Уларни ўқишни хоҳловчилар, ана, филологияга борсин”. Шундай фикрловчилар сабаб бизда журналистика ва ўша фанлар орасида жарлик пайдо бўлган. Мен бу гапларни шу жарликнинг нариги томонидан туриб гапиряпман. Овозим эшитиляптими? Журналист халқаро бўладими, сайёралараро бўладими, бешта тил биладими, ўнта тил биладими, ўз тили ва адабиётидан бохабар бўлмаса, унинг иши халқгача етиб бормайди.
Юқоридаги каби қарашлар соясида бошқа бир муаммо етилиб қолган. Бу – саводхонлик. Устозимиз Хуршид Дўстмуҳаммад: “Талабаларни 1-босқичга қабул қилганимиздан кейин уларга яна иншо ёздириб кўрайлик. Шунда уларнинг савияси аинқ бўлади”, –  дея таклиф киритгани эсимда. Аммо   бунга эътибор берилмади. Оқибатда амалиётга борган талабалар факультет номига доғ туширмоқда.
Кейинги масала – мутахассилик фанлари.
Жаҳон ОАВ тизими, Жаҳон журналистикаси асослари, Замонавий хорижий ОАВ каби фанлар бизга турли вақтларда ўтилди. Асосан, бир нарсани қайта-қайта такрорлашдан нари бормадик. Мисол учун, СNN телеканали ёки The Times нашри ҳақида интернетдан маълумот олдик. Ўргандик. Тақдимот қилдик. Уни юқоридаги учта “фан”дан кўрсатдик. Масс-медиа, журналист этикаси кабилардан ҳам намойиш этамиз. 3-босқичда ўтиладиган “Тележурналистика” курсидан ҳам балл тайёр.  Шу билим олишми?
Ўқув дастурларида ҳаддан ортиқ такрорийлик кўп. Масс-медиа типологиясидаги журналистиканинг турларга ажратилиши Жаҳон ОАВ тизимида ҳам айнан такрорланган. Масс-медиа техникасидаги “Фотожурналистика” бўлими матни бир йил аввал ўтилган Фотожурналистика асослари маърузаларининг айнан такрори. Талаба деганлари нимани ташласа еяверадиган жонивор эмас-ку! Қайта-қайта бир нарсани такрорлаш уни ҳам бездириб қўяди. Ўқиш жараёнидан янгилик изламай қўйдик.
Журналистикага оид бошқа тилдаги дарсликларни таржима қилиш жараёни изчил давом этмоқда. Бироқ талабаларнинг ўзига бажартириладиган бу ишларни дарслик сифатида кейинги келадиганга ўргатилиши қанчалик натижа беради?
Номутахассислик фанлари ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак. Бизга “Солиқ ва солиққа тортиш асослари” фани ўтилди. Ўқитувчи бу курс маърузалари иқтисодий йўналишга ихтисослашган талабалар даражасида тузилганини айтди. Биз бу курсдан ҳеч нарса тушунмадик. Энди сиз айтинг, олти ой ўтилган дарсдан қандай маъно бор?
Бир таклифни ўртага ташламоқчиман. Номутахассислик фанларини мутахассислик фанлари билан омухта тарзда ўтиш режага киритилса, тўғрироғи, бу фанлар бизнинг соҳамизга мослаштирилса, яхши бўларди. Ҳуқуқшунослик фанида журналистикага оид  қонун ҳужжатлари билан танишсак, экология билан бир қаторда экожурналистика асосларидан хабардор бўлиб борсак. Тарихни журналистика тарихи билан, замонавий тарихни геополитика билан   бирга ўргансак, информатика доирасида Масс-медиа техникаси, ОАВда янги компютер технологиялари ва Ахборот хавсизлиги билан танишсак. Этика асослари ва журналист этикасини бирга олиб борсак. Иқтисодиёт асослари фани бизга масс-медиа иқтисодидан ҳам хабар берса. Шунда бизга жуда зарур бўлган, ҳозир ўтилмаётган рус тили ва  саҳна нутқи каби фанлар учун дарс жадвалида жой очилар, таҳлилий журналистика таркибида ўтилаётган журналист суриштиручи каби мураккаб жанрларни яхшироқ ўрганиш учун имкон яраларди. Амалиёт жараёни учун кўпроқ вақт ажратилган бўларди. Кўпларга бу таклиф ёқмаслиги тайин. Уларнинг айтадиган гапини тахмин қилишим мумкин. “ДТС талаблари бор. Ундан четга чиқиб бўлмайди. Журналист учун кераксиз фаннинг ўзи йўқ. у ҳамма нарсадан хабардор бўлиши керак”. Албатта, хабардор бўлиши керак.  Лекин унга  ўқитиладиган фанни соҳа амалиётида қўллаш тушунтирилмаса, бундан қандай наф бор? Ёки бизда ҳам тиббиёт соҳасидаги ОТМларда бўлгани каби номутахассислик фанлари қисқартирилсин. Ахир, худди улардаги каби бизга ҳам амалиёт муҳим.
Дарвоқе, амалиёт ҳақида. Биз айтаётган фанлар қанчалик керакли бўлмасин, қанчалик малакали ўқитувчилар дарс бермасин, у амалиёт билан боғланмас экан,  аҳамияти йўқолади.
Биринчи босқичдаёқ ОАВ таҳририятлари томон йўл оламиз. Бир йилда фалонча материал чиқаришимиз кераклиги айтилади. Бизнинг амалиёт жараёнларга эса ҳеч ким қизиқмайди. (Мисол учун, икки ойлик ёзги амалиётда бешта материал чиқариш умуман газета амалиётидан бехабар ўқитғувчилар қарори экани аниқ. Чунки амалиёт раҳбарлари талабаларнинг илк мақолалари устидан жиддий ишлашларини кутади. – 2017й. Декабр таҳрири) Ўқув йили охирида эса чиқарилган мақолалар сўралади. Амалиёт давомида профессионал журналистларнинг мактабидан сабоқ оламиз. Улар журналистиканинг асл сирлари билан таништирадилар. Бизда “амалиётга бораётган бўлсанг, ўзинг учун боряпсан” деган қараш устувор. Аслида эса биз аудиторияда ўтириб ҳеч нарсани қойиллатмаймиз. Шунинг учун ижодий фаолият билан боғлиқ фанларни ОАВ маҳорат мактабларига кўчириш маъқул. Бу дарс режаларига кўра амалга оширилиши керак. Биз билан амалий машғулот олиб борадиган журналистлар учун ўқув дастурлари ишлаб чиқлишини хоҳлардик. Бугун янгиликлар журналистикаси ўтилиши керакми, кўзга кўринган ОАВнинг профессионал журналисти бизга дарс ўтса, амалиёт ва назария бир тизимга солинса, яхши бўларди. Амалиёт дарсларидан ташқари кунларда талаба ўзи истаган ОАВга бораверади.
Бугун биз келажагимиз учун зарур бўлган эмас, фалон фандан яхши балл олиш учун керак бўлган ишлар билан машғулмиз. Дарсдан кейин ОАВга борамиз. Қайтгач, дарсда берилган топшириқни бажариш, бирор мавзуда материал тайёрлаш, тил ўрганиш қарорлари орасидан  бирини танлашга тўғри келади. Аслида уларнинг бари таълим тизимининг бир қисми-ку! Бироқ бирини танлашимиз керак. Таълим тизимининг ўзи шунга мажбур қиляпти. Шу сабабдан ҳам “қўлида қалами бор” талабанинг дарслардан баҳолари дуруст эмас, инглиз тилини яхши биладиганларнинг саводхонлиги ёмон, дарсларда “аълочи” талабалар эса амалиётни бир амаллаб ёпади. Истиснолар фақат истиснодир.
Талабалар ҳам оппоқ эмас. Бизда “танбалланиш жараёни” кучайиб бормоқда. Ҳақиқий билим олиш, ўзаро ижодий рақобат борасида танбалмиз. Ўқув жараёнининг моҳиятида билим олиш эмас, шунчаки журнал катакларини балл билан тўлдириш ётар экан, бу танбаллик барҳам топмайди.  Юқоридан дарслар  сифати талаб қилинса, биздан давомад талаб қилинади? Гўё давомад зўр бўлса, дарс жараёни талабга жавоб берадигандек. Энг кўп дарс қолдирадиган талаба кун келиб кучли журналист бўлиб етишиши ҳеч гапмас. Чунки у вақтини аудиторияда ўзига қачондир керак бўлиши мумкин бўлган маърузаларни тинглаш билан эмас, ўз касбини эгаллаш учун таҳририятда ўтказган бўлади. Журналистика факультетларида эркин фикр минбари шаклланиши керак. Озгина танқид сабаб талаба сиқувга олинса, ўқитувчилар тутақиб кетса, бундай даргоҳдан ўз фикрида собит тура оладиган журналистлар етишиб чиқиши мумкинми? Шунинг учун ҳам ўртага мудроқлик чўккан. Бу ланжликка барҳам берилмасдан журналистика келажаги ҳақида гапириш мушкул. Биз ўзимизни ислоҳ қилишга қодир бўлмас эканмиз, қандай қилиб жамиятни ислоҳ қиламиз? Ҳурматли устозлар, биздан нима кутяпсиз? Халқаро журналистика факультетида таълим олаётган ҳар бир онги уйғоқ талабанинг кўнглидан шундай ўй ўтади. Бу мулоҳазалардан халқаро журналистика деганларининг аҳволи шу экан-да, деган хаёлга борманг. Тизим шунақа. Устозу талабалар шу тизимга кўнишга мажбур. Мен фақат муаммолар ҳақида сўзладим, холос. Бу мақоланинг ўрнига факультетнинг ютуқлари ҳақида маноқиб ёзсам ҳам бўларди. Бироқ ютуқларимизни бошқалар гапирсин, дедим.
Муаммони кўтаришга ният қилганимда бир фикр хаёлимдан ўтди. Ўзим ўтирган шохни кесишга уринмаяпманми?
Йўқ. Мен факулътетимни яхши кўраман. Бу ерда кўп яхши инсонларни учратдим. Шу жойдан ўз келажагимни қуришни бошладим. Аммо факультетимнинг бунданда яхшироқ бўлишини истайман. Балки, мени нотўғри тушунувчилар ҳам бордир. Бироқ шу даргоҳда қалбимга сингган бир гапни ёдда сақлайман. “Энг асосий мезон – ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш”.
Ўзимда ҳам  камчиликлар бор. Менга кимдир “Қани, талабага қўйиладиган талабларга жавоб бер-чи?” – деса, буни уддалай олмаслигим мумкин. Чунки бу талаблар фақатгина менга қўйилган бўлади, бошқаларга эмас. Унга жавоб берадиган талабанинг ўзи йўқ. Эҳҳ, нима бўлса, бўлди.
Ёки буни қуйидагича тушунинг: мен бу ерда истеъмолчиман. Университет бюджетига тўлайдиган пул ҳисобига бериладиган маҳсулотнинг сифатини ҳохлайман, холос.
Бу айтилган фикрларни бир талабанинг тизимга нисбатан муносабати сифатида қабул қилинг.

Суҳроб ЗИЁДОВ
“Адолат кўзгуси” газетаси 2017 йил 22 июнь сони

Bir kunlik imkon

Tasavvur qiling. Sizga katta miqdorda pul mablag‘i foydalanish uchun berildi. Hech qanaqa foizlarsiz, javobgarliklarsiz. Eng asosiysi beminn...