Қашқадарё тоғларининг сўлим оромгоҳи. Мушоира. Ҳар ким шеърнамо ёзганларини ўқийди. “Келинг, энди катта шоирлардан айтамиз”. Бир қиз шундай дедию, шеър бошлади:
Не-не умид билан кўз тутдим,
Кутганларим бўлди уволлар.
Мен ақлдан озмай кетаман,
Мажнун бўлиб қоласиз, толлар...
“Бу шеър унверситетимизда мадҳия бўлиб кетган”. У сўзини шундай тамомлади. Бу Матназар Абдулҳаким шеърияти билан иккинчи бор юзма-юз келишим эди. Унинг шеърлари билан яқиндан танишиб борар эканман, шоирнинг сезимлари ингичкалигига, сўзнинг товланишларини пайқай олишига иқрор бўлиб боравердим. Кутганлари увол бўлган одам ақлдан озмай кетаркану, толлар мажнун бўлиб қоларкан. Мажнунтолдай эгилиб қоласиз, демоқчими ёки? “Мажнунтол” сўзининг қисмларга ажралиши шундай гўзал бадиийлик касб этаркан, қаранг-а.
Ижодкорда истеъдод билан тенг илм ҳам бўлиши асарларини юксакка кўтаради. Она тилининг руҳини сеза олиш шеърнинг тўғрилигини таъминлаши билан бирга унинг бадииятига ҳам таъсир ўтказади. Матназар Абдулҳакимнинг етук адабиётшунос эканлигини ҳам айтишади. Шоирнинг илмий асарларини ўқимаганману, унинг баъзи шеърларига қараб ўзбек тилини унча-мунча “шунос”лардан кам билмаслигига амин бўламан. Тилимиз ташбеҳ даражасидаги иборалари билан гўзал. Уларнинг жилоси асарга ранг бағишлайди. Масалан, одам нимагадир суянади. Кекса, ҳорғин киши ҳассага таянса, гуноҳкор тавбасига таянади. Юрт озодлиги йўлида қон тўкаётган ёвқур нимага таянади? “Жалолиддин” шеърида шундай мисралар бор:
Мардик ҳамда номардлик юкин
Илғамадим, тўкиб шунча қон.
Тавба деган ҳасса бор... лекин
Таянмайман унга ҳеч қачон.
Ўн йиллар юртма-юрт кезиб, мўғуллар билан курашган йигит охир чарчайди. Аммо...
Мен ҳоридим. Ёмон чарчадим.
Суянаман бир пас найзага.
Жангчи тавбага ёки ҳассага эмас, найзасига суянар экан, демак, у ҳали курашни тўҳтатмайди.
Яна бир иборанинг бадиий чизмасини кузатинг: “Исмотут ота – Хоразм воҳасидаги қадамжо. У ерда ҳар йили куз фаслида аждодларни хотирлаш маросими, сўнгра эса улкан халқ сайиллари ўтказилади. Исмотут ота қадамжоси воҳанинг олис бир чеккасида бўлгани учун хоразмликлар саргашта одамларни “Исмотут Отада ис бор деса югурасан” деб ҳам ёзғирадилар”. Шу изоҳдан сўнг шеър бошланади:
Исмотут отадан бахт иси етди,
Бўйнингда кўзимдан мунчоқлар шода.
Сендан мумтоз ҳаёт дунёда йўқдир,
Йўқдир сендан мумтоз ўлим дунёда...
“Исмотут Отанинг иси” яна узоқларга хаёлни олиб кетади.
...Исмотут отада халқнинг азаси,
Исмотут отада халқнинг бахт тўйи.
Исмотут отада ис бор десалар,
Димоғимга келар сочларинг бўйи...
...Исмотут отадир сенинг юрагинг,
Унга ишқдан бўлак бир сир айтмайман.
Бораман Исмотут отага ҳар гал,
Бир гал... қайтмайман.
Бир ибора шоир илҳоми билан бадиий юксакликка кўтарилди. Хулоса ва ечим эса қуйидагича:
Сен қайтасан менсиз, азадор, гирён,
Қуёшлар ботади хаёлларингда.
Исмотут отадан бошқа ҳамма ер
Ҳувиллаб ётади хаёлларингда.
Исмотут отанинг иси қандай қилиб муҳаббат исига айланиб қолганини сезмай қоласиз. Ҳа, “Шеъриятда ҳамма нарсанинг иложи бор ва жуда боплаб қилиш мумкин бу ишни”. Шу сабабдан ҳам шоир қарорига бўйсунган яна кўплаб “барқарор бирикмалар”ни келтиришимиз мумкин. Улар шоирнинг асарларида Хоразмнинг гужумларидек шовуллаб туради:
Самода чарх урган ер курраси ҳам,
Шудгордаги қуйруқ...
Шудгордаги қуйруқ... (“Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур?” нақлига ишора).
***
Гулим... дилим... шу ҳам ҳаёт бўлдими,
Худо раҳмат қилган бўлсин бизларни.
***
Мен ҳаддан ташқари севаман сени,
Сен мени севмайсан ҳаддан ташқари.
***
Мен яратиб қўйган дунёни дўстлар,
Юракдан кечиринг, кечирманг кўздан.
***
Ҳаёт ўзи шундай. Кимдир оёғи,
Кимдир боши билан оқсайди.
***
Майлига бошқоронғи бўлсин
Менинг юрагимга илонлар.
Мумтоз шеъриятимизда “китобат” санъати бор. Араб алифбоси ҳарфларидан ёр жамолини таърифлашда фойдаланиш, ҳарфлар билан бадиийлик барпо этиш шоирларимиз ижодида кўп қўлланган. Огаҳий бобомиз “Қатлим учун “нас” келтирур, “нун” элтибон “сод” устина” дея лутф қилганида “нун”нинг ёйсимонлиги ва “сод”нинг қўзга ўхшашлигига ишора қилади. “Эй яхшилар, ёрнинг қошу кўзи мени қатлга ҳукм этди. “Нун” ва “сод” иттифоқи ҳукм (арабчада “нун”+ “алиф”+ “сод” = “нас”) бўлиб мени қурбон қилмоқчи” деб оҳ чекади. Ўтган асрда қайта-қайта имло алмашишларини кўрган (бунинг асоратини ҳозиргача кўраётган) халқимизга ижодкорлар бу мураккаб санъатни тақдим этишга ийманишди. Абдулла Орипов бир ғазалида шунга киноя қилиб “Ҳарф ўйин айлай десам, ўзгадир имло бу кун” деган эди. Икки аср берида Огаҳий бобонинг этагини тутган яна бир Хоразм фарзанди “Сиртқи сабоқ” деган шеър ёзиб сал кам “китобат”ни янгидан тирилтириб юборди. Аммо у ҳарфлар эмас, грамматик қоидалар асосига қурилган:
Мен сени севаман... о, қурсин эсим,
Наҳотки, “Мен” – эга?.. “Севаман” – кесим?..
Бу қандай қоида бўлди? Ахир, бу гапда муҳаббат эга-ку! Шоир имло қоидаларига қарши исён қилади. “Ни”ни эмас, сени севаман, ахир”, “Кўзим йўқ кўришга турқини “нинг”нинг”, “Сен бўлсанг шу қадар келишгансанки, Муҳаббатдан бошқа келишигинг йўқ”, “Юрагим ким ўзи, юрагим нима?”
Имло хатоларга тўла ёр мактубини ўқир экан, унинг “ҳозир паришонроқман” деган изоҳи ҳам унга қувонч беради:
На бир дарак гап бор мактубларингда,
На бир эргаш гап бор мактубларингда.
Фақат юрак гап бор мактубларингда,
Фақат тергаш гап бор мактубларингда...
Ҳа, Матназар оғанинг ўзи айтганларидек, “мактублар – ишқ дардин маҳзун иложи”! Аммо шу мактубларга-да интизорлик ошиқни қийнайди. Ошиқ ёрнинг имло хатоларини соғингандек, ёр ошиқни соғинармикан? Нима бўлганда ҳам унинг кўзлари ҳеч қандай имло қоидаларсиз йўлга термулаверади. Ёр эса... О, буни шоир айтсин:
Сен эса омон бўл бош келишикда,
Сарвиқад ва қаламқош келишикда.
Мактублар битавер, майли, паришон,
Таъна келишикда, тош келишикда.
Сен фақат унутма, фақат унутма,
Кўзларим кўп ёмон соғинди сени
Қайғу келишикда...
ёш...
келишикда...
Буни шеър дейдилар. Бундай интеллектуал бадииятни бошқа ижодкорларда топиш қийин. Бу асарга ҳайрат келишигида, санъат келишигида қараб қолаверамиз.
Комментариев нет:
Отправить комментарий