Бир хоразмлик дўстимга Матназар Абдулҳаким шеърияти ҳақида ёзмоқчилигимни айтдим. У қандайдир фикр беришини кутиб турганимни сезиб хижолатомуз гап бошлади: “Мантазар Абдулҳаким ҳақида нимадир дейишдан уяламан. Чунки бир элдан бўлиб туриб унинг ижоди билан пойтахтда танишдим. Унинг китобларини одамлар энди қидириб қолишган. Ҳақиқий шоир дунёдан ўтгач тан олинади дейишгани рост, шекилли”. Дўстимнинг сўзидан кейин хаёлим яна шоирнинг Хоразмда ҳайкал ўрнатилган ўша машҳур шеърига кетди. “Дарсдан сўнг”. Дафтар топширмаган ўқувчи ўз муаллимининг фожиасига сабаб эканини сезиб “ҳаммадан ҳам ёмон йиғлайди”. Шоир халқига “дафтар топширмаган”дек сезади ўзини. Шеърларини эса бор-йўғи машқ деб ҳисоблайди. Машқки, кун келиб муаллимага нажот берган дафтарлардаги ёзувлардек халқнинг машаққатли сафарларида кўмак берсин. Бу шеърнинг охирида айтилган мисралар шоирнинг бутун умрлик маслагини билдирар, балки. Эҳтимол, унинг баланд мартабаларга интилмагани, Бедил, Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд асарларини таржима қилиш йўлида заҳмат чеккани ва бу ишни қойиллатиб бажаргани, Навоий ва Огаҳий ижодига оид илмий тадқиқотлари, Хоразм Маъмун академиясида олиб борган фаолияти, энг асосийси, жимжималардан холи бўлган гўзал шеърияти – ҳамма-ҳаммаси миллат аталмиш муаллимни қашқирлардан омон олиб ўтиш учун машқ дафтарига (моҳиятан умр дафтарига) битилган машқлардир.
Мен машқ бажараман,ёзаман ҳар кун
Дараклар, сўроқлар, хитобларимни.
... Сен йўл бўйи ёқиб ташлаб кетавер
Қашқирлар қўрққувчи китобларимни.
Суҳроб Зиё
Комментариев нет:
Отправить комментарий