пятница, 2 марта 2018 г.

“ДАҒИ БИСЁР МУШКУЛДУР”


Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Мушкулдур” радифли ғазали асосида яратилган қўшиқни тинглаб тўймайман. Гўзал ижро бир ёну, дардгин ғазал бир ён. Туркона соддалик барқ уриб турган бу асардаги “хоболуд”, “осиғ” каби бир неча сўзни айтмаганда ҳамма сўзлар ҳозирда ҳам адабий истеъмолда. Бироқ шундай асарнинг ҳам таг замирида ўзга маънолар чиқиб келаверади.

Агарчи сенсизин сабр айламак, эй ёр, мушкулдур,
Сенинг бирла чиқишмоқлик дағи бисёр мушкулдур.

Ёрга интиқ бўлган ошиқнинг илтижоси Бобур қаламига мансублиги ёдимизга тушадию, унинг Ватандан айри ўтган умри кўз олдимиздан ўтади. Унинг учун Ватансиз қолиш қанчалар мушкул бўлса, Ватанга бормоқ унданда машаққатлидир. Оддий Инсон сифатида юртида умргузаронлик қилиши мумкин-ку, аммо “унинг бирла чиқишмоқлик”ка Шоҳлик тамғаси тўсиқ бўлади. Шайбонийдек ҳукмдор қўл остидаги юртига “шоҳман” деб бормоқ имконсиз. Лекин шоҳликдан кечиб, инсон бўлиб боришга қон-қондан ўтиб келаётган султонлик ғурури, Соҳибқирон АмирТемур авлоди эканлик масъулияти йўл қўймайди. Хуллас, МУШКУШДУР.
Келинг, яхшиси, ёр соғинчига дош беролмаётган ошиқ илтижоси деб ўқий қолайлик буни.
Ана энди ҳаммаси яхши. “нозимижоз пари”, “телба ошиқ”, “уйқудаги баҳт” — ҳаммаси мумтоз лирик ғазалиётнинг бор нафосанини намоён этаётир. Аммо... тўхтайсиз...

Менга осондурур бўлса агар юз минг туман душман,
Вале бўлмоқ жаҳонда, эй кўнгул, беёр мушкулдур.

Шоҳ Бобур Ҳиндистонда Иброҳим Лўдийнинг юз минглик қўшини устидан ундан ўн баравар кам сонли аскарлари билан ғалаба қозонади. Ҳа, унга жаҳонда ёрсиз яшашдан кўра юз минглик армияни ер тишлатиш осонроқ. Лекин негадир бу “беёр”лик “беюрт”лик дегандай эшитилаверади. “Бир ёрга зорлик юз минг туман (ўн минг) душманга қарши курашишиш”дан мушкул дейиш шоирона муболаға бўлади. “Юртсиз яшаш юз минг туман душманнинг энгишдан мушкул” дейиш Бобур ҳаётининг ҳақиқатидир. У ўзга юртда юз минг қўшинни тор-мор этдию, ўз юртига эга бўлолмади.
Бобурнинг мураккаб шахсияти, ҳаёти, Шоҳлиги ва Шоирлиги биргина ғазалда кўзга ташланади. Айниқса, бу ғазал қўшиққа айланиб дилларни ҳуснобод этса. Айниқса, уни кўзни юмиб тингласангиз. Айниқса, тебраниб унга жўр бўлсангиз. Айниқса... оҳанг оғушида бир лаҳза Бобурга айланиб уни ҳис қилсангиз. Аммо бир лаҳзага Бобур бўлишга дош берармикансиз? Бу МУШКУЛДУР!

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Bir kunlik imkon

Tasavvur qiling. Sizga katta miqdorda pul mablag‘i foydalanish uchun berildi. Hech qanaqa foizlarsiz, javobgarliklarsiz. Eng asosiysi beminn...