среда, 25 апреля 2018 г.

Муҳаммад Юсуф йўлбарслари


Муҳаммад Юсуф шеърияти! Бу шеъриятни кимгадир тушунтириб, таҳлил қилишга ҳожат йўқ. Бу шеъриятни “ўзбекман” деганнинг ҳаммаси тушунади. Шоирнинг “Тилла қўнғироқли карвон ўзбекман” дея эркалангани ҳам бежиз эмас. Мен ҳам шу шеъриятдан туйган завқларимни, кечинмаларимни сиз билан ўртоқлашгим келди.
“Римни алишмасман бедапоянгга...”
Муҳаммад Юсуфни кўрганлар, билганлар у ҳақида кўп ёзишган, айтишган.
“О, ота маконим, онажон ўлкам...”
У менинг руҳиятимга шундай деб кириб келди. Ўша йили унинг “Халқ бўл, элим” китобини излаб топдим. У пайтлар нималардир ёзиб юрардим. Муҳаммад Юсуфни ўқигач, ўзимга сиғмай қолдим. Унга тақлидлар даври бошланди. Аммо ўша пайтлар уни тўла англамаган эканман. Фақат бир нарсани билган эдим: Муҳаммад Юсуф учун энг улуғ тушунча – Ватан! Ватаннинг ҳар зарраси унга қадрли.
“Римни алишмасман бедапоянгга...”
Ҳовлидаги бедапояга қарардим. Кейин Римни тасаввур қилардим. Римдан кўра
бедапоя якин. Бедапоя ўзимизники. Римнинг ўз эгалари бор.
Ўша пайтлари бедапояни ёқтириб қолгандим...
Кейин тандирга қарардим:
“Парижнинг энг гўзал ресторанларин
Битта тандирингга алишмасман мен”.
“Париж ресторанларида қурбақа пишириларкан. Улар нон емайди. Патир ҳам
емайди. Тандиримиз қандай яхши”.
Булар бир боланинг ўйлари эди. Унинг кўз ўнгида Ватан жонлана борарди. Кейин
унга далада, тутлар тагида, ажриқ устида китоб ўқиб хаёл суриш ёқиб қолди... Шоирнинг
“Ватан десанг, ўпканг тўлиб кетмаса, Шеър ёзишга бало борми, биродар” сатрлари шиоримга айланди.
“Ватан, кимлигингни билмай севаман...”
Ватан ҳақида кўп ёзилган. “Она Ватан” ташбеҳи тилимизда яхлит бир тушунчага айланиб қолган. Баъзилар шеърларида “Она Ватан” бирикмаси билан биргаликда “Ватаннни севаман” бирикмасини ҳам ишлатаверадилар. Мантиқан ўйлаганда, Ватан онага қиёланса, уни “севаман” деб бўлмайди. Онани яхши кўриш мумкин, онага меҳр қўйиш мумкин. “Онага бўлган севги” тушунчаси бошқа тилларда бўлиши мумкиндир, аммо ўзбек тилининг бошқа ҳеч қайси тилда учрамайдиган услубий маъно нозиклигига кўра ва ўзбекона одоб нуқтайи назаридан олганда, хато ҳисобланади. “Севмоқ” ва “яхши кўрмоқ” сўзлари бир-биридан маъно нозиклигига кўра фарқланади. Буни сезган шоиримиз Муҳаммад Юсуф бизга қуйидаги сатрларни тортиқ этган:
Ардоғида ўсдим, уни
Суйиб яшай нондай ман.
Кўксимдаги иймонимдай,
Кўксимдаги жондай ман.
Ўз онамга
Севаман деб,
Айтай лекин қандай ман –
Эй дил, сен айт!
(“Эй дил...”достонидан)
Эслаб ўтиш жоизки, достон Ватан мавзусига бағишланган. Шоир Ватанни “онам”
деб атамоқда. Унга меҳри шу қадар чексизки, буни тасвирлаб беролмайди. Фақат севади, фақат яхши кўради. Шоирнинг ўз таъбири билан айтганда, унинг “кимлигини билмай” севади. Аммо ўзининг жонажон онасига “севаман” дейишдан ийманади. Шу билан бирга ўз туйғуларини изҳор этиш учун бундан бошқа сўзни раво кўрмайди. Қандай айтиш мумкин?! Шоир дилга илтижо қилади: “Эй дил, сен айт!”
Дил бунга жавобан бутун бир шеърият яратди.
Шоир бу оламда йўқ. Унинг шеърияти эса ҳали-ҳали шоирнинг Она халқига муҳаббатини изҳор этиб келмоқда!
“Юрагимда йўлбарс йиғлайди...”
Билмадим, менга шундай туюладими, Муҳаммад Юсуфнинг шеърларида учрайдиган образлар, тимсоллар фақатгина унга тегишлига ўхшайди: “Муҳаммад Юсуф қизғалдоқлари”, “Муҳаммад Юсуф жайронлари”, “Муҳаммад Юсуф оҳулари”, “Муҳаммад Юсуф райҳонлари”, “Муҳаммад Юсуф тулпорлари”, “Муҳаммад Юсуф йўлбарслари” ва ҳоказо... У ўз севгисини оламга сочиб юборди . Ва бу севги унинг шеърларидаги ҳар бир тимсолда бўй кўрсатди. Шу севги уни одамларга суюмли қилди. “Муҳаммад Юсуф йўлбарслари”...
Шу жумланинг ўзиёқ Муҳаммад Юсуф шеъриятининг қудратини кўрсата олади.
 Муҳаммад Юсуфнинг бор-йўғи иккита шеърида “йўлбарс” тимсолига дуч келдим:
...Қаранг, қандай бахтли боламан!
Ўйларимда гуллар ухлайди.
Кўзларимда жаранглаб кулгу,
Юрагимда йўлбарс йиғлайди.
(“Мана шу – мен туғилган гўша..” шеъридан)
...Ҳозир кўзим юмаман-у ерга ётиб,
Юрагимни суғураман қон йиғлатиб.
Йўлбарсчалар есин уни қасирлатиб –
Юрагимни йўлбарсларга едираман.
Кимни суйсам суйганимдан куйган дилим,
Кўз ўнгимда бўлақолсин тилим-тилим.
Ҳаром бўлсин муҳаббатсиз ўтган куним,
Юрагимни йўлбарсларга едираман!...
(“Ёлғончилар”шеъридан)
Шоирнинг “юрагида йиғлаётган”, у “ўз юрагини едирмоқчи бўлган” йўлбарслар унинг шеърлари эмасмикан? Биринчи шеърга эътибор беринг, ўйларида гуллар ухлаб, кўзларида кулгу жаранглайдиган бахтиёр боланинг юрагида нима учун йўлбарс йиғлар экан?! Кўзлар ёниб, лабларда кулгу “жаранглаб” турганда кўнгилни нима қийнаши мумкин?! Бу – ижод дарди эмасмикан?! Энг юксак асарлар руҳий изтироб натижасида дунёга келади. Шу маънода кўзларда кулгу жаранглаб турганда, юракда йўлбарс йиғлаши шоир учун табиий ҳол. Шоир ўзи учун буни қисмат деб белгилаган. У учун юрак йиғламаган кун, беғам ўтган кун, “муҳаббатсиз ўтган кун” – “ҳаром”. У ўз қалбини “йўлбарсларга едиришга” маҳкум этган. Муҳаммад Юсуф сатрларини йўлбарсларга ўхшатиш, менимча – ҳақли ўхшатиш. Унинг чапани, дангал, халқона мисраларини ўқиганимда бунга ишонч ҳосил қиламан. Дарҳақиқат, унинг шеърлари бир ҳамла билан ўзига боғлаб олади ва шу заҳоти ёдда қолиб кетади, қалбда қолиб кетади!
Суҳроб ЗИЁ

воскресенье, 15 апреля 2018 г.

ХХ асрга мактуб


ХХ аср, мен сенга бегона эмасман. Умримнинг дастлабки тўрт йили сенда кечган. Тўрт йил сенда нафас олдим. Аммо унда сенинг ҳаволаринг анча юмшаб, заҳарлардан тозара бошлаган эди. Мен нафас олган ҳаволар эрк ҳаволари эди. Менинг юртим сенга ўзгаларга қарам бўлиб қадам қўйган ва сенинг энг шонли ва аянчли дамларингни шу тарзда қарши олган. Ниҳоят, сўнгги ўн йиллигинг ўзбегимнинг бошига Ҳумо келтирди.
Энди сен ўтмишсан. Мен эса юртимни елкамда кўтариб келажак сари одимлаб кетяпман. 
Лекин сенга фақат бир миллат вакили сифатида қарамоғим хато бўлади. Мен сенга бутун бошли одам бўлиб назар ташлайман.

Мен – одам, XXI асрнинг иккинчи ўн йиллигидан туриб сенга хат йўллайяпман! 

ХХ аср! Сен фурсатнинг қолипга солинган шаклисан, холос. 100та 365 кун (кабиса йилларида яна 25 кун)нинг, 36 525 соатнинг замондан юлиб олинган йигирманчи бўлагисан. Аммо инсоният эра бошидан бери эришмаган тараққиёт шиддатини сенда топди. Дунё қитъалари, океан ва денгизлар, тоғу саҳролари билан менинг чангалимга тушди. Мен уни тўхтовсиз ўзлаштиришга, ўзгартиришга тушдим. Олам яратиқлари орасига ўзимнинг ихтироларимни аёвсиз тиқиштира бошладим. Сенга эса “техника асри” деб ном бердим.
Биламан, бу ном сенга ёқмайди. Аммо, на илож, чидайсан. Бошқа чоранг йўқ. Сен менга олам сирларини очганинг сари мен яна ҳам кўпроғини хоҳлардим. Оқибатда ўзим ўзим билан замин талаша бошладим. Мен шу заминга қадам қўйгандан бери ўз-ўзимни кўп қақшатдим. Аммо сендагиилк эмас.

Мен сенга Эйнштейн, Нобелларни бердим. Сен менга илм-фан техника тараққиётини бердинг. Мен бу тараққиётдан ўз-ўзимни қириш учун қуроллар ясашда фойдаландим. 
Мен табиат сирларини англаганим сари табиатга кўпроқ зарар етказардим.
Табиий фанлар ривожи натижасида табиат қонуниятларини ўргандим ва уларни бузишга киришдим. Бунга ўзинг гувоҳсан.

Мен сенга Гитлер, Сталинларни бердим. Сен менга иккита Жаҳон урушини бердинг. 
Мен сенга заводларни бердим, сен менга ўрмон ёнғинларию, иқлим бузилишини бердинг.
Мен сенга атом қуролини бердим, сен менга тошқинлар, цунамиларни бердинг, 
Мен сенга кимёвий қуролни бердим сен менга экологик фожиаларни, Озон туйнукларини бердинг.
Мен сенга ген инженериясини бердим, сен менга улкан саватда заҳарланган меваларни тутқаздинг.
Айни 14 ёшга тўлганингда бошингни машъум урушга қўшдим. Сени танклар, самолётлар ила даҳшатга солдим. Жамиятлар, ҳукмрон кучлар, ғоялар курашида топганим, ўз-ўзимга лаънат ва қарғиш бўлди. Аммо буюк тафаккурим ўз тизгинидан чиқмасдан юксалаверди. Оламни англаш, борлиқни идрок қилиш билан бирга бу тафаккур сен учун энг даҳшатли совға тайёрлар эди: Иккинчи жаҳон уруши. Сен эса титраб-қақшаб мени ўз-ўзимни қандай санъат ила ҳалок қилаётганимни кузатардинг. Бу менга сабоқ бўлди. Инсоний қадриятларни асраш, уларнинг муқаддаслигини англашим учун сен менинг аҳмоқликларимни жим кузатиб турардинг.
Сендаги урушлар минг йилликнинг энг қирғинли уруши бўлди. Ҳеч қачон ўзимни бунчалик кўп қурбон қилмаганман.  Аммо ҳеч қачон бундай кўп билимларга бирваракайига эгалик қилмаганман ҳам. 
  Сен менга дунёни борича кўришга изн бердинг. Мен Ер куррасини сенинг бағрингда коинотдан туриб кўришга муяссар бўлдим. Ҳали бу ишинг учун афсусланасан, ХХ аср. Чунки айни шу ишинг менинг кўнглимга заминдан ўзга макон излашдек бир орзуни солди. Кун келиб ўзга сайёраларда ҳаёт нишоналарини топсам, ўзим еб битирган заминни ташлаб кетишга шайланиб юрибман. Яна ўзингдан кейинги асрларга бу ҳақида гапириб юрмагин, келишдикми?
Сен ўз техник тараққиётинг самараси ўлароқ менга компютерни яратишга имкон бердинг. Бунинг учун қанча қурбонлар берилди, ахир. Оқибатда эса илм-фан яна зафар қучди. ХХ аср, хурсанд бўлишга шошма. Мен ҳали бу технология билан янада даҳшатли урушларни бошлаб юборишим мумкин.
 Бу ҳақида ХХI асрдан сўрасанг, унинг номини “ахборот уруши” дейди. 
Сен умринг сўнгида менга инсоният тафаккурининг энг юксак чўққиси бўлиб турган кашфиёт – интернетни бердинг. Аммо унинг роҳатини сен эмас, сендан кейингилар кўради. Бундан афсусланма. Сен ўз хизматингни адо этдинг. Бошимга нимаики тушган бўлса, ҳаммасига ўзим сабабчиман. Сенинг айбинг эса фақат мен сенда 100 йил яшаганимдир. Номингни хотира дафтаримга энг катта ва энг қора ҳарфларда битажакман.

Янги аср 18-одимини ташлаётганда сенга шу хатни йўлладим.
Хайр, ХХ аср! Боболаримнинг, оталаримнинг ёшлиги, меҳнати, кураши сингган аср, хайр! Сенда ўтган тўрт йилим учун рози бўл. 

Суҳроб ЗИЁ

Bir kunlik imkon

Tasavvur qiling. Sizga katta miqdorda pul mablag‘i foydalanish uchun berildi. Hech qanaqa foizlarsiz, javobgarliklarsiz. Eng asosiysi beminn...