вторник, 6 марта 2018 г.

Яа!


Онажон, мен кимларга мактуб ёзмадим? Қанча қоғозларнинг юзини қорайтирмадим? Худо берган сўзларни кимларнинг пойига ташламадим? Фақатгина сиз учун бир сўз ёзмаганман. Бу бисотимда сизга айтар изҳор йўқлигидан эмас, бунга эҳтиёж сезмаганимдан бўлса керак. Мактуб — моҳиятан икки инсон ўртасидаги масофанинг тимсоли. Кимгадир хат ёзиш унинг биздан узоқлигини ва бу масофани яқинлатишга эҳтиёжимиз борлигини англатади. Сиз... ахир ёнимдасиз-ку. Мана, телефон бор. Исталган вақт хабарлашиш мумкин. Фақат бир-икки ҳафталаб сизга қўнғироқ қилиш ёдимдан кўтарилади. Нима бўпти? Бугун бўлмаса, эртага гаплашарман, дейман. Дейману...
Сизга нега мактуб ёзмайин? Сиздан ҳийла узоқлигим бунга сабаб эмас, масофанинг даҳли йўқ унга. Мен сиздан кун сайин бегоналашяпман. Бошқа ташвишлар, бошқа орзулар, бошқа-бошқа нарсалар мени банд қилиб боради. Ўзимча бирор ишни бошлаб қўйсам, баъзида танбеҳ бериб қоласиз. Мен еса “доим менга ишонмайсиз” деб ёзғираман. Бундан жаҳлим чиқади. Менинг ўз ишларим борлигини ва буни фақат ўзим ҳал қилишим кераклиги  айтаман. Мени ўз вужудида кўтариб юрган, ерга илк бор қадам қўйганимда ўзини энг бахтли инсон деб билган, ҳаётимдаги биринчи сўзни айтганимда қувончдан кўзига ёш келган зотга менинг ўз ишларим борлигини айтаман. Ўз ишларим-а! Бугун мен минглаб сўзларни бемалол талаффуз қила оламан. Бу ҳеч қимни ҳайратга солмайди. Ҳатто дунёдаги ҳеч бир инсон хаёлга келтирган иборани ўйлаб тўпишим мумкин. Лекин ҳеч ким бундан бир пайтлар сиз менинг тутилиб айтган яримта сўзимга қувонганингиздек боши кўкка етмайди. Нега? Чунки сиз менинг онамсиз. Бошқа таъриф йўқ. Бўлиши ҳам мумкин эмас. Бори ҳам сийқаси чиққан. Фақат бир эътирофдангина кўнгил тўлгандек бўлади. “Жаннат оналар оёғи остида”. Мен эса тобора жаннатдан олислаб боряпман. Сиздан олислаб боряпман.
“Она”. Бу сўз менинг тилимга ётдек туюлади. Сизни “ая” дейман. Бу сўзни бемалол айта оламан. Эркаланиб, тўлиб айтаман. Болалигимнинг излари бор бу сўзда. Тили чучук болакай “ана” дейди. Мен доим ая деганман. Бу сўз йиғидек эшитилади. Унинг товушлари тилга ботмайди. Ҳозир эса бу сўз менга огоҳлатиршидек туюлади. “Ая! Бугун аямасанг, эртага афсус қиласан!”
Болалигимизда нон ёпган пайтларингиз укаларим билан ўчоқ устига чиқиб олардик-да, янги узилган нонни талашиб тортишиб сувга ботириб ердик. Ўшанда тандирга яқин борсак, юзимизга иссиқ тафт уриларди. Шу тафтда пишган нонни тамшаниб тишлардиму, оташга бағрини босиб менга ризқ узаётган аёлга қарамасдим. Улғайганим сайин унинг кичрайиб бораётгани, сочига қўнган оқдан хижолат бўлиб рўмолини қайта ўраётганига кўзим тушиб қолади. “Ўғлим, мана буларни тандирхонага олиб бориб бергин” деганингизда бўғзимга аччиқ нимадир тиқилади. Сиздан мадор кетиб, мен кучга тўлиб бораётганим хаёлимдан ўтади.
Ая, сиз Муҳаммад Юсуфнинг бир шеърини ёқтирасиз. Мен дунё адабиётининг дурдоналарини сизга ўқиб берганимда ҳам: “Ўша шеърдай чиқмапти-да!” — деб қўясиз. Унинг қандай сеҳри борки, фақат шу шеърни айтиб юрасиз?
Топмоқ йўқотмоқдир, йўқотмоқ топмоқ.
Сен сўлиб мен яшнаб, тўлишимга боқ.
Сенсиз топганимдан кўпроқ йўқотдим,
Сен мени яратдинг, сени тугатдим,
Сен мени юпатдинг, сени йиғлатдим.
Уялмай “она” деб келишимга боқ...
Мен нима топганимни билмайман, аммо кимни йўқотиб бораётганимни сезиб турибман. Буни тўхтатолмайман ҳам. Ёлғиз илинжим — кўнглингизга недир ёруғлик бериш. Сизни озгина хурсанд бўлишингизда сабабчи бўлиш. Аммо нима қилдим? Бир неча мисрадан бошқа ҳеч нарса илина олмадим-ку сизга.
Ая, кўзингизга нур бўламан мен.
Сизни асролмасам, кўр бўламан мен.
Сизга дунёларни олиб бераман,
Ҳали ҳаммасидан зўр бўламан мен...
Қаранг, ҳатто шунда ҳам ўзимни ўйлаганман-а...

***
Устоз — иккинчи она, дейдилар. Менинг эса биргина онам бор. Чунки мени дунёга келтирган зотнинг ўзи менга қалам тутишни ўргатган. Ая, сочингизга тушган оқда, кўзингиздан кетиб бораётган нурда фарзанд бўлиб, ўқувчи бўлиб “ҳисса” қўшдим. Бирор маълумот зарур бўлиб мендан сўрасангиз, энсам қотган пайтларим бўлади. Ахир, бундан жиддий нарсалар ҳам бор-ку, дейман. Бу кишим калтакни алиф демайдиган пайтлари ким унинг қўлидан тутиб қалам ушлашни ўргатганини унутгану, осмондан тушгандек билимдон бўлиб қолган. Энди эса онасига, биринчи устозига ақл ўргатиб ўтурибди.
Мен оёқда тик туролмаган кезларим сизнинг қўлингизга суянганман. Энди кимгадир суянишга эҳтиёж сезмайману, кимнидар суяшим кераклигини ҳам унутиб қўйганман. Ахир, кимгадир яхши кўриниш, кимдандир олқиш олиш, кимгадир ёқиш илинжида юрган одам кимнидир суяш кераклигини унутиб қўйган бўлса, осмон узилиб тушармиди? У ОНА бўлса-чи? Она-я!
Мен бор-йўғи бегоналашяпман. Бошқа ташвишлар, бошқа орзулар, бошқа-бошқа ҳаёллар мени ўзига боғлаб олган. Ва... тобора жаннатдан олислаб боряпман. Сиздан олислаб боряпман. Кечиринг, аяжон.
               С.ЗИЁДОВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Bir kunlik imkon

Tasavvur qiling. Sizga katta miqdorda pul mablag‘i foydalanish uchun berildi. Hech qanaqa foizlarsiz, javobgarliklarsiz. Eng asosiysi beminn...