Осмон бунча чексиз, бунчалар гўзал,
Ўмбалоқ ошади бир тўп кабутар.
(Иқбол Мирзо)
Ҳавода рақс тушар учта кабутар,
Уйғониб кетади сўқмоқ ва дала.
Яланг оёғига тиканлар ботар,
Скрипка чалади ялангтўш бола.
Майсалар эгилар титроққа маҳтал,
Осмон ёғдиргиси келади жала.
Шамоллар ҳайратга тиклайди ҳайкал,
Скрипка чалади ялангтўш бола.
Илонлар вишиллар, маст бўлганча, маст.
Замин уйғонади — энг улкан яра.
Жарлар чуқурлашар, тоғлар ўсар даст,
Скрипка чалади ялангтўш бола.
Кимлардир ялангтўш, кимлар ялангқалб,
Кимда иймон бутун, кимларда чала.
Эй, оммавий хароб бўлаётганлар,
Скрипка чалади ялангтўш бола.
Қийқириқлар аро, шовқинлар аро
Очиқ юрагидан дард олиб чалар.
Дунё зарларига бўлмайди гадо,
Скрипка чалади ялангтўш бола.
Куй ювар хиёнат, алдов гардини,
Қасдлар, қасосларни қилар масхара.
Учта кабутарга сочар дардини,
Скрипка чалади ялангтўш бола.
Эй қисматдош укам, эй дарддош укам,
Оламга бахт тара, муҳаббат тара.
Балки, мен сендирсан. Балки, сен менман,
Скрипка чалади ялангтўш бола.
Suhrob Ziyo
Комментариев нет:
Отправить комментарий