понедельник, 11 декабря 2017 г.

Izg‘irindan...

Изғириндан пок ғубор кутдим,
Қордан хабар бўлса, айтинглар.
Бир оҳ кутдим, мунгли зор кутдим,
Тордан хабар бўлса, айтинглар.

Мен азобдан ҳузур изладим,
Сур дунёдан сурур изладим,
Осмон қадар ғурур изладим —
Ордан хабар бўлса, айтинглар.

Кўнгил сўзи — асл номадир,
Ҳижрон ўзи васлномадир,
Ишқ бу — гўзал қатлномадир —
Дордан хабар бўлса, айтинглар.

Хоким лойга қорилмай туриб,
Дилдан дилга борилмай туриб,
Юракларим ёрилмай туриб
Ёрдан хабар бўлса, айтинглар.

Умр — эрта борлигинг сир кун,
Бахтга интиқ ва интизор кун,
Бу дунёда йўқ бўлсам бир кун,
Бордан хабар бўлса, айтинглар.

Suhrob Ziyo

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Bir kunlik imkon

Tasavvur qiling. Sizga katta miqdorda pul mablag‘i foydalanish uchun berildi. Hech qanaqa foizlarsiz, javobgarliklarsiz. Eng asosiysi beminn...