пятница, 15 декабря 2017 г.

Тавалло

“Бу мажоз денгизида бир қатра эди у. Ҳақиқат дарёси томон кетди. Ишқ йўли шундай йўлдир, буни ишқдан огоҳ кишилар англагай. Нафс бу асрорни эшитмайди, англамайди, бенасиблар бу кўйга киролмайди”.

Фаридуддин Аттор, “Мантиқ ут-тайр”

Ҳамма мавжудлигу мавҳумликдан устун, барча маҳдудлигу мансубликдан холи Биру Борим! Худбинлигимни ўзинг кечир. Ўзинг мени шундай яратдинг. Бозорда моли ўтмаган савдогардек Сенга нола қилганимдан хижолатдаман. Ахир, недан кулганим, недан куйганим, кимга гул тутганим, кимга ниш санчганим, кимнинг хаёлидан жаннат мевасидай тотинганим, кимнинг ортидан бир тубан махлуқдек боққаним, бор гуноҳиму савобим — ҳаммаси Ўзингга аён.
Сенга ёзган мактубим ўз-ўзимни кўз-кўз қилишмасми? Бу ҳам “мен зўрман” демиш иддаойимга мувофиқ такаббурлигимга далилмасми! Йўқ. Бу — даргоҳингга йўллаган иқрориму изҳорим. Аслида Сенинг қаршингда қандай турсам, бошқа бандаларинг кўзига ҳам шундай кўринишим керак. Аммо қўрқаман. Гуноҳларим шу қадар кўпки...
Улуғвор тоғдан тирноқдек тош кўчса, унга сезилганидек, мендек бир заррангнинг оғриқлари ҳам Сенга етиб боради. Мен-ку мен, ўша тирноқдек тошнинг тоғ сезолмаган, олам мулкида кечган силжиши Сенинг назарингдан четда қолмайди.
“Мен зўрман” дедим. Мен Сен билан зўрман.
“Мен мўъжизаман” дедим. Мен Сенинг мўъжизангман. Сен берган ишқ боис ўзимни яхши кўрсам, бунинг нимаси ёмон? Зотан, дунёдаги энг жирканч мавжудот бўлганимда ҳам ихтиёрингда бўлардим. Ҳар бир яратиғинг — мўъжиза. Чеки фақат Сенгагина аён коинот бағрида Заминнинг муаллақлиги, у океанларни ҳовучида бир томчи сувдек тутиб туриши, Ер шарининг ҳар тарафида одамларнинг тўкилиб кетмай умр кечириши, минглаб галактикалардан тортиб танамдаги кўз кўрмас ҳужайраларимгача биргина қонунингга мувофиқ ҳаракатга келиши — мўъжиза.
Бу мўъжизаларни англаш учун менга берган қатрадек идрокинг  ҳам мўъжиза.
Бирор дарахт баҳорда барглари яшил бўлишию, кузда сариқ тусга киришидан ҳайратланмайди. Бирор қуш ҳавода муаллақ турганидан ҳайрон бўлмайди. Фақатгина мен — одам... Менга ўзимни таниш имконини берганинг учун ўзингга шукрлар бўлсин.
Мен мўъжизаман. Сен танимга най навоси ила руҳ билан бирга жо қилган, қон билан қориб, сунгакларимгача унга йўғрилган Ишқ — менинг мўъжизам.
Ё Худойим, менга яна бир инъом бердинг. Бошқалардан кўпроқ қувониш, бошқалардан қўпроқ дард чекиш, ўз изтиробларимни қоғозга тўкиш бахтини бердинг. Бўлмаса Сенга қандай қилиб бу дилномани битардим? Дунё томонларини адаштирган басирдек илтижоларим ичимда қолиб кетаверармиди?
Сен ишқнинг ўзисан. Кўнглимдаги ишқ қадар менда яшайсан. Кўз олдимда юксак гўзалликни пайдо қиласан-да, “Ана шунга етсанг, сенга дунё саодати насиб бўлади” дейсан. Мен унинг қаршисида қишда қорни кўриб ёқа ушлаган занжидай ҳайратга тушаман.
Ахир, етмоғим учун аввал унга лойиқ бўлишим керак. Шу ўй кўнгилга келган замоноқ покланмоқ истайман. Сўзим, атрофим, ўзимни поклашга қасдланаман. Гоҳ бу гўзаллик тасаввуримдан ғойиб бўлади. Яна ғафлатга бериламан, гуноҳга ғарқ бўламан.
Сен кўзимни очасан. Покланмок ўйини дилга соласан. “Қани, бандам, бу ёғи энди ўзингдан” дейсану, йўлимни ёритасан.
Менинг кўзим очиқ. Энди Сен пинҳон этган гўзалликни излай бошлайман. Қаршимдан чиққан қай бир инсоннинг суратида бу гўзалликнинг зарралари намоён бўлади. Мен унинг ўзим каби мавжудлигидан, энди унга тўйиб термулишим, унга эришишим мумкинлигидан шодланиб кетаман. Яшаш, мақсадлар, бутун дунёни унинг атрофида жамлаб оламан. Ахир, у — буларнинг ҳаммаси. Бу гўзалликка етмоқ ўйи, Сенга етмоқ хаёли каби дилни нурлантира бошлайди. У томон юрарканман, бу гўзаллик янада ўзига чорлайверади. Бироқ тажаллийингни ортмоқлаб юрган инсон бирдан ўзини юксак фаҳмлаб қолади. У мўъжизангни моддий дунё ҳавасларига сарфлаб юрганини қайдан билсин? Ҳайвонот — тириклик демак. Ўз-ўзини идрок этмаслик ва Сенинг ҳимматингни махлуқлик оламига сочиб юборган инсон сийратидан гўзаллик йироқлаша бошлайди.
Чумолига беписанд қараймиз. Кўриб-кўрмай босиб ҳам ўтаверамиз. Қорин ғамидан, тирикчиликдан бошқа нарсани билмайдиган инсоннинг мартабаси Сенинг қошингда инига дон судраб кетаётган чумолиникидан баландми? Чумоли-ку идрокдан маҳрум, ўз саодати ва фожиасидан бехабар махлуқ. Аммо инсонга тафаккур бахш этганинг ҳолда ўзини чумолидан ғариб тутар экан, қай бири кўпроқ гуноҳкор бўлади? Фазода финжон ва тешиккулча айни бир нарса эканлиги фаразини илгари сурган “Пуанкаре” гипотезаси мисол ўз мўъжизасини сезмаган инсон шу мўъжизага мубтало учун чумоли каби аҳамиятсиз экани даҳшатли. У бир мубталоки, суратнинг суратига маҳлиё бўлиб, асл сиймони унутаёзган, у бир мубталоки, баркамол гўзалликни фақат ўзи сингари одам қиёфасидан излайди. Бу ожиз бандалар эса уни уларнинг ўзига мубтало бўлган санаб камситади. Ўз нафси доирасида севгувчилар унга азоб беради. Ё Худо, у — банданг эмас, ошиғинг. У Сенинг мўъжизаларингга қулдай қарамайди. Уларни англашга, севишга интилади. Англагувчингни ўзингдан ўзга англагувчи борми?
Унинг кўз олдида юксалган гўзаллик айни кўз олдида хира торта бошлайди. Яна ғафлатми? О, йўқ. Бошқа керак эмас. Гўзаллик уни қай бир юксакликка кўтарган бўлса, энди шунча пастга ирғитиб юборадими? У телбалардек атрофдан умид ахтаради. Ҳар нигоҳдан ўзига макон излайди. Бир маконки, Сени ва ўзини унга жо эта олсин. Топдим дейди. Топди-им дейди. Сенга шукрлар қилади. Расулинг буюргани каби у бир маъсум кўнгилга сажда қилади. Сен учун, Сенинг мўъжизанг учун унга бош эгади. Унинг кўзларида яширин ненидир мўъжиза гумон қилиб унга талпинади, талпинади, талпинади. Илк бор бошқалар каби оддий ва моддий бахтдан фароғат топиши мумкинлигини ҳис қилади. Ахир, мўъжизаси ёнида бўлади-ку. Бир одам руҳ ва тан учун алоҳида-алоҳида бахтни туя олмайди. Битта бахт бор. Ё руҳ учун, ё тан учун, ёки иккаласи учун ҳам. Руҳ учун бахтга талпинганлар моддий дунёда ғарибу нотавон ўтиб кетади. Тан учун бахтга таплинганлар “худди ҳайвон каби бахтли” бўлар, эҳтимол. Аммо у қандай ҳаддин унутган бандаки, Сендан бу икки мушкулни бир имо билан ҳал қилмоқни илтижо қилади. Бунга фақат Сен қодирсан. У ўзи топган нигоҳдан дунёнинг моддий ва илоҳий бахтини кутади. Қоронғу тун бағридан осмонга, тўлин ой томонга талпинади. Юксалади. Юксалади. Ўз ҳаддини унутади. Фақат шу осмон, шу ой бор, ўзи эса қоронғулик қаърида ўсиб боради. Осмонда энг катта портлашни содир этиш учун ойни, у билан бирга ўша гўзалликни ҳам ўз орбитасига олиб ўтиб кетиш учун юксалаверади, юксалаверади. Қай бир нуқтага келиб тин олади. Қарайди, кўзларига ишонмайди. Кўзлари унга ишонмайди. Оймомо қани? Бу тош узоқдан бунча ялтирамаса, унинг ёғдулари қани? Қуёш нуридан жилоланган ой қайга йўқолди? Демак, қуёш нури — илоҳий гўзаллик бўлмаса, ой ҳам бўлмас экан-да?
Шундай қилиб у ўзи яратган дунёсида, ўзи яратган осмонда ўз қоронғулигида ойсиз қолиб кетди. Кимнинг иши бу? Бундай қилмоққа кимнинг ҳадди сиғди? Наҳотки, ахир, бу — Сен?! Ҳаммаси Сенинг измингда. Фазода сўнаётган улкан юлдуздан тортиб япроқ юзидаги ҳижобдек сирғалааётган шабнамгача Сенинг иродангга бўйсунади. Нега? Нега бир синовга бу ёлғизингни қайта-қайта ташлайверасан? Бунда не ҳикмат бор? Сендан эмас, ўзидан эмас, Сенинг зарраларингдан мўъжиза ахтарган ошиғингга жазоларингми бу?
Минг шукрлар бўлсин бу жазоларга.
Ишққа Сенга сиғингандек сиғинган мардумингни топмоқ ва англамоқ саодатидан айирма. Ҳа, мени, Сен билан зўрман деган мени, Сенинг мўъжизангман деган мени, Сенинг ишқсиз бандаларингни севган мени, ҳақақатни ишқдан излаган мени, банда эмас ошиқман деган мени, Сен кўрсатган гўзалликни ой қилиб осмонга отган, кейин унга ойпарастдек талпинган мени  жамолингдан маҳрум этма.
         * * *
Гуноҳларим сабаб мулзамман.
Ишқим сабаб уйғоқман.
Гўзаллигинг сабаб ҳаётман.
Ўзингга шукур!

Суҳроб ЗИЁ

Комментариев нет:

Отправить комментарий

Bir kunlik imkon

Tasavvur qiling. Sizga katta miqdorda pul mablag‘i foydalanish uchun berildi. Hech qanaqa foizlarsiz, javobgarliklarsiz. Eng asosiysi beminn...