Усмон Азим! Бу – инсон исми эмас. Бу – шеъриятнинг исми. Усмон Азим деган шеърият нималарга қодирлигини биласизми? У дунё билан теппа-тенг баҳсга киришади. Гоҳ кузга айланиб, гоҳ қушга дўниб, гоҳи яна ўз аслига қайтиб дунёга ўзининг ким эканини уқтиришга тиришади. Уқтиради ҳам.
Бир шеър... Усмон Азимдан бир парча. Усмон Азимнинг бир бўлаги. Бошими, қўлими, кўзими, бунисини билмадим. Шеъриятнинг танасида не аъзолар борлигини билмоққа бизга йўл бўлсин. Лекин бир шеър билан унинг кимлигини сизга англатишга уринаман. Одамнинг кимлигини бир томчи қонидан ҳам таниш мумкин экан. ДНК аталмиш тилсимотлар бутун борлиқдаги мавжудлигу, танҳоликни билдириб тураркан. Шеър ҳам бир томчи қондай гап.
Мана, Усмон Азим деган шеъриятнинг ДНКси:
Эсингдами, деди, аёл, шишадевор қаҳвахона,
деворларни ювиб турган баҳорги ёмғир,
ёмғирдан ҳам чиройли оққан мусиқа?..
Иккаламиз юзма-юз ўлтирган эдик,
ўртамизда эса бир дона қизил гул,
бир дона қизил гул…
Эсингдами?
Эсимда, деди, эркак,
мана, сенга шишадевор қаҳвахона,
мана, сенга ёмғир, мана, мусиқа,
қаршингда ўтирибман, мана, юзма-юз,
ўртамизда эса бир дона қизил гул…
Йўқ, деди, аёл, эслагин, шишадевор қаҳвахона,
шишадевор қаҳвахона…
Бир марта эслагин!..
Эркак нимани эслаши керак эди??? Ўша дунё сумбатли шишадевор қаҳвахонаними? Ёмғирнинг баҳорда ёққаниними? Дарвоқе, нега аёл ёмғирнинг баҳорги эканини эслаяпти? Эркакка ёмғирнинг қандайлиги аҳамиятсизми? Ёмғир деганда фақат осмондан тўкилаётган томчини тушунадими эркак? Аввал ҳам шундай ўйлармиди?
Аёл-чи? Нимани эслатмоқчи? Эркак учун бор-йўғи мусиқа бўлган мусиқанинг ўшанда ёмғирдан ҳам чиройли оққаниними? Қаршисидаги инсоннинг кўзларидан ненидир тополмаётганлигими?
Нега ўртада бир дона қизил гул? Ва нега бир дона қизил гулни аёл икки марта қайтаради? Ёки бир дона қизил гул иккинчи марта такрорланганда бошқа маънони ўзига ортмоқлаб олдими? Бир дона қизил гул нима учун ўзидан кейин оғир уч нуқтани етаклаб олган? Аёл эслатмоқчи бўлган, эркак эслай олмаган, аёлу эркак тилга олмаган, шеърда эса уч нуқта бўлиб чинқираётган нима У?
Бир дона қизил гул! Айт менга, ёнингда нима бор эди?
Бир дона қизил гул! Сен нима эдинг, айт менга?!
Бир дона қизил гул!..
Севги эмасмидинг... Мабодо?
(Айтдим-ку сизга Усмон Азим кишининг оти эмас деб. Энди ишондингизми?)
Суҳроб ЗИЁ
Комментариев нет:
Отправить комментарий