пятница, 2 марта 2018 г.

4. ГУЖУМЛАР ҚЎШИҒИ: “Булбул сайраётир, астағфуриллоҳ”


Кўз олдимга ўтпараст Зардушт қадами теккан ерларда, шамоллар бағрида шовуллаб тебраниб ётган гужумлар келади. Минбарга, мансабга, марказга интилмаган хокисор ижодкор ўзи куйлаган гужумларга ўхшайди. У ўсаётганини иддао қилмайди. Ўсиш, одамларга соя бериш, шу тупроқ учун яшаш – унинг оддий вазифаси. Танасини қурт-кумурсқалар кемириб ташласа ҳам “Қизил китоб”лардан паноҳ ахтармайди...
Биз ҳеч бевафолик қилмаймиз,
Бош олиб кетмаймиз ҳеч ерга.
“Қизил китоб”олис. На чорамиз бор?!
Балки, кириб қолармиз... шеърга...
Бу қайсар гужум ўз қисматидан юз ўгирмайди:
Хоразмда қоламиз
Ғажиб турса ҳам
Азим танамизни шилимшиқ қуртлар.
Усмон Азимнинг машҳур сатри ёдга келади:“Жўнадим баландроқ осмонлар томон...” Шоир зоти борки, ўзлигини пойтахтдан ахтариб кўради. Пойтахт – ижодкорни чин маънода кашф этадиган манзил. Пойтахтда туриб юртнинг ҳар бурчига кириб бориш мумкин. Аммо чеккада туриб пойтахт муҳити билан курашиш қийин. У миллий адабиётнинг катта қозонидан қайнашга қасдланиб келган ёзарманларни бағрига олади. Кейин ўзи учун баъзиларини ажратиб олади. Қолганларини... Вилоятда ижод қилганларнинг бутун мамлакатда мухлислари бўлиши унинг чиндан кучли эканига далолат. Матназар Абдулҳаким Тошкентда яшаганида, ҳозир бунданда катта эътирофларга сазовор бўлиши, яқинлашиб келаётган 70 йиллиги эса мамлакат миқёсида нишонланаётган бўларди. Шу сўзларни ёзар эканман, Паҳлавон Маҳмудлар, Нажмиддин Кубролар хоки ётган тупроқдан узоқ кетмай, уларнинг руҳидан мадад олиб яшаган, марказ муҳити билан бўйлашиб, гоҳи ундан ўзиб кетиб ижод қилган алломанинг яна ўша сатрларини такрорлайман:
Хоразмда қоламиз
Ғажиб турса ҳам
Азим танамизни шилимшиқ қуртлар.

Комментариев нет:

Отправить комментарий