Бир шеър ўқидим яқинда. Қашқир ғажиб кетган ўқитувчи ҳақида. Агар шундай ёзолмасангиз, шеър ёзаман деб овора бўлиб юрманг. “Жавзо ташрифи” номли китобни топиб ўкинг.
Совуққон устозимнинг сўзларидан бир қанча бақт ўтгандай кейин ўша китобни топмоқчи бўлдим. Аммо китоб номи ёдимдан чиқиб кетган экан. Мауллифини эса билмасдим.
Кунлар ўтди.
Бир куни “Шарқ зиёкори” китоб дўконининг Қарши шаҳар бўлимига кирганимда ўша сўзларни эсладим. “Жавзо таърифи” деган китоб борми десам, хушбичим сотувчи қиз “йўқ” деб жавоб берди. Мен қайтиб чиқишга шайландим.
Тўхтанг, сиз қидирган китоб “Жавзо ташрифи”дир...
Олганим китоб бўлди, топганим хазина бўлди. Коллеж аталмиш даргоҳнинг ўқувчиси ўзбекнинг Матназар Абдулҳаким деган шоири борлигини қайдан биларди? У мактаб дарслигида киритиш лозим топилган шоирларнигина танирди. Қурғур дарсликка кирган ижодкорлар эса 10-15 йилда бир янгилана қолмайди. Дарсликдан нари ўтмаган ўқувчи “Дарсдан сўнг”ни билармиди? Хуллас, айнан шу шеър “Жавзо ташрифи”га сабаб бўлди. Бу ташриф мен учун янги бир бадиий дунё ташрифини бошлаб берди. Бу дунёнинг мен англаган мўъжизалари ўзи ҳақида ёзишга ундади. Демак, ушбу ёзмишларимнинг бош сабабкори “Дарсдан сўнг”дир. Шу боисдан сўзимни ундан бошладим.
“Кимнидир койиди чеккани учун.
Тортиб олиб қўйди гугуртини ҳам.
Машқ дафтарларини йиғди-да, сўнгра
Бир-бир санаб кўрди. Етти дафтар кам.
“Ҳар гал шундай аҳвол. Уялмайсизми?
Келасиз ўқишмас, қилиш учун сайр.
Бу сафар ҳам икки қўймай тураман,
Эртага қолганлар топширсинлар. Хайр”.
Шундай қилиб дарс тугади. Муаллима қўшни овулдаги уйига бориш учун кеч бўлганда қир ёқалаб йўлга тушди. Эри олиб кетишга келмаганди. Дугонаси уйига таклиф қилди. Қолмади.
“Кўнгли совидимикин?” “Болам касал бўлиб қолдимикин?” Минг турлик шубҳа-гумон тинчлик бермай одимлайверди. Бир пайт...
Мудҳиш бир шарпани илғади ногоҳ,
Разм солса қашқир. Қиларди таъқиб.
Эслади йиртқичнинг қўрқишин ўтдан,
Изига бир дафтар ташлади ёқиб...
Ҳаёти қил устида турган муаллимага ўқувчиларнинг дафтари нажот беради. Йиртқич ўзи ўлжа деб қараётган вужуд илмнинг, меҳрнинг нури билан йўғрилганини билармиди? Дарс бериш учун қир ошиб мактабга келадиган фидойи аёл қайдаю, оч қашқир қаёқда? Аммо...
Уйга яқин қолган вақтда тугади
Муаллимда дафтар, қашқирда – тоқат.
Тамом. Шоир ҳам шундай бешафқат бўладими? Шу дафтарлар муаллимни қутқариб қолди деса ҳам бўларди-ку. Балки, шунда бу шеър минбарларда гумбурлатиб ўқиладиган мадҳия бўлиб кетармиди? Ўўў, Матназар Абдулҳаким бундай қилмайди. У ҳаётнинг бор фожиасини юзинг-кўзинг демай очиб ташлайди. Хуллас, тонгга қадар муаллимнинг ҳаётини асраб келган машқ дафтарлар тамом бўлди:
Уввос фиғон тутди қишлоқни тонгда,
Замин аза тутди, замон йиғлади.
Дафтар топширмаган етти ўқувчи
Ҳаммадан ҳам ёмон йиғлади.
Шу билан ҳикоя тугади. Аммо шеър тугамайди. Шеърни тамом қилиш учун дунё воқеаларига йўл бўлсин. Ахир, шеърият бир илдизи илоҳиётга туташиб турган санъат-ку. Шоир эса дунёдаги ҳар бир фожиага ўзини даҳлдор деб билгувчи сиймо. “Замонни йиғлатган” қишлоқ муаллимасининг ўлимига ҳам шоир ўзини айбдор деб билади. Балки, чиндан айбдордир:
Нўноқ назмим учун афв эт, халқим,
На олим, на шоир, на сўз пириман.
Ўз вақтида дафтар топшира олмай
Қолган болаларнинг бириман.
Аям шу шеърни ёқтиради. Умри машқ дафтарлари ичра кечаётган инсон ўз ҳамкасбининг фожиасини кўз олдига келтирар экан, ҳаёти биргина “муаллим” деган сўз билан ўлчанишини дилдан ўтказса керак. Аям жажжи қўлчаларнинг имлоси билан тўлган машқ дафтарлари бир кун келиб ўзининг ҳам жонига ора киришини ўйлаб ҳаловат топса, не ажаб. Бироқ у Матназар Абдулҳақим деган шоир ҳақида эшитмаган. Аммо унинг биргина шеърини ўқигиси келаверади. “Ижод билан қалбларга кириб бориш” деган ибора шу жойдагина қўлланилишга лойиқдек туюлади. Йўқ,унчаликмас. Шоир ижодини юракларга жой этадию, ўзи ортга чекинади. Унга асарлари қалбларда қолиши етарли.
Ҳар бир ижодкорнинг “ташриф қоғози”га бор. “Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб”деб сўз бошланса, хаёлимиз Чўлпонга кетади. “Ўзбекистон ватаним маним” десак, Абдулла Орипов кўз олдимизга келади. Шавкат Раҳмоннинг “Туркийлар”и эса унинг бор ижодий салоҳиятини, бир умрлик эътиқодини намоён қилган. Албатта, уларнинг бошқа буюк асарлари ҳам бор. Лекин халқ қалбига шоир бир асари билан чуқурроқ кириб боради. Шу асар унинг “ташриф қоғози” бўлади. Кимдир буни шоҳ асар дейди, кимдир ижод чўққиси, нима бўлганда ҳам Леонардо Да Винчи қанчалик даҳо бўлмасин, Уни “Мона Лиза”сиз тасаввур қила олмаймиз. Ташбеҳ жоиз бўлса, “Дарсдан сўнг” шеъри Матназар Абдулҳакимнинг “Мона Лиза”сидир. Шоир кўп йиллик ижоди давомида кўплаб “мона лиза”лар яратди.
▼
Комментариев нет:
Отправить комментарий