пятница, 22 декабря 2017 г.

ТАЛАБАНИНГ ОВОЗИ ёхуд журналистик таълимдаги айрим муаммолар хусусида


Ижтимоий тармоқларда ва ўзаро суҳбатларда муҳокамага сабаб бўлаётган мавзулардан бири олий таълим тизимидир. Бу соҳада йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этиш  чора-тадбирлари имкон қадар кўрилмоқда. Аммо... Олий таълим муассасаларида ўқиётган талабалар нима хоҳлаётганига кимдир қизиқдими? Ҳар холда, сал кам олий маълумотли, бўлажак мутахассис ўзига нима кераклигини бошқалардан яхши билса керак!? Ёки бошқа фикрдамисиз? Ахир, “табиб – табиб эмас, бошидан ўтказган – табиб”.
“Журналист объектив бўлиши керак”. Талаба бўлганимиздан бери устозлар шу гапни қулоғимизга қуйиб келади. Биз ҳам унга қатъий амал қиламиз. Шунчалик объективмизки, бошимиздан ўтаётган муаммоларга четдан қарашга ўрганиб қолганмиз. Бу анъанани бузиб, тизимга субъектив ёндашаётганим учун узр сўрайман. Чунки мен шу тизим ичидаман. Халқимизда “уйдаги гапни кўчага олиб чиқма”, деган гап бор. Аммо журналистиканинг асосий принсипларидан бири ошкораликдир. Бўлажак журналист сифатида ўзимизни қийнаётган муаммоларни очиқ таҳлил қилолмасак, эртага жамиятдаги иллатларга қандай қилиб ҳаққоний баҳо берамиз? Айни ўйлар бу мавзуга қўл уришимга туртки бўлди.

Бакалавр даражасида журналистик таълим берадиган икки катта  даргоҳдан бири ЎзДЖТУнинг халқаро журналистика факультетидир. Факультет талабалари “халқаро” сўзига алоҳида урғу беришни ёқтиради. Чунки уларни ЎзМУ журналистикасидан фарқловчи ягона белги айнан шу сўз, холос. Яна бошқа фарқлар ҳам бор. Масалан, ЎзМУда филология билан боғлаб ўтилади, ЎзДЖТУда инглиз тилига асосий эътибор қаратилади. 
2015 йилда ўқишга ҳужжат топширар эканман, халқаро журналистикани танлаганимнинг боиси ҳам шундан эди. Инглиз тилидан саводим ҳаминқадар бўлгани учун “шу ерда ўқисам, тилни чуқурроқ ўргишим мумкин бўлади” деб ўйладим. Имтиҳонда инглиз тилидан 33 % натижа кўрсата олдим, холос. Бироқ биринчи ва иккинчи фанлардан олган балларим умумий кўрсаткичимни кўтариб берди. Бу ерга келганда эшитганимиз эса: “Сизлар чет тилини ўқишга кирмасдан ўрганиб келишингиз керак эди”, – деган гап бўлди. Начора, аслида ҳам шундай. Лекин савол туғилади: “Чет тили энг муҳими экан, нега уни имтиҳонда биринчи фан қилиб қўйилмаган? Нега учинчи блок фанини биринчи даражада талаб қилинади?” Жавоб аниқ: “Журналист, аввало, она тилини яхши билиши шарт.” Унда  қани ЎзМУ журналистикаси билан ўртадаги фарқ?
Ҳа, мана.
Талабалар инглиз тилини билиш даражасига қараб гуруҳларга бўлинди. 1 гуруҳ чет тилини яхши биладиганлар, 3 гуруҳ энг паст даражадагилар, 2 гуруҳ эса гоҳ ундан, гоҳ бундан тўпланган талабалардан иборат эди. Қайси гуруҳга тушганимни англагандирсиз? (Бунда ҳеч кимни айблаш ниятим йўқ). Хуллас, бизда талабалар шундай табақаланади.
Тил ва адабиётни ўқитиш  масаласига келсак, кўпчилик талабаларнинг фикри қуйидагича: “Халқаро журналистикада нега адабиёт, тилшунослик, фалсафа каби фанлар чуқур ўтилиши керак. Уларни ўқишни хоҳловчилар, ана, филологияга борсин”. Шундай фикрловчилар сабаб бизда журналистика ва ўша фанлар орасида жарлик пайдо бўлган. Мен бу гапларни шу жарликнинг нариги томонидан туриб гапиряпман. Овозим эшитиляптими? Журналист халқаро бўладими, сайёралараро бўладими, бешта тил биладими, ўнта тил биладими, ўз тили ва адабиётидан бохабар бўлмаса, унинг иши халқгача етиб бормайди.
Юқоридаги каби қарашлар соясида бошқа бир муаммо етилиб қолган. Бу – саводхонлик. Устозимиз Хуршид Дўстмуҳаммад: “Талабаларни 1-босқичга қабул қилганимиздан кейин уларга яна иншо ёздириб кўрайлик. Шунда уларнинг савияси аинқ бўлади”, –  дея таклиф киритгани эсимда. Аммо   бунга эътибор берилмади. Оқибатда амалиётга борган талабалар факультет номига доғ туширмоқда.
Кейинги масала – мутахассилик фанлари.
Жаҳон ОАВ тизими, Жаҳон журналистикаси асослари, Замонавий хорижий ОАВ каби фанлар бизга турли вақтларда ўтилди. Асосан, бир нарсани қайта-қайта такрорлашдан нари бормадик. Мисол учун, СNN телеканали ёки The Times нашри ҳақида интернетдан маълумот олдик. Ўргандик. Тақдимот қилдик. Уни юқоридаги учта “фан”дан кўрсатдик. Масс-медиа, журналист этикаси кабилардан ҳам намойиш этамиз. 3-босқичда ўтиладиган “Тележурналистика” курсидан ҳам балл тайёр.  Шу билим олишми?
Ўқув дастурларида ҳаддан ортиқ такрорийлик кўп. Масс-медиа типологиясидаги журналистиканинг турларга ажратилиши Жаҳон ОАВ тизимида ҳам айнан такрорланган. Масс-медиа техникасидаги “Фотожурналистика” бўлими матни бир йил аввал ўтилган Фотожурналистика асослари маърузаларининг айнан такрори. Талаба деганлари нимани ташласа еяверадиган жонивор эмас-ку! Қайта-қайта бир нарсани такрорлаш уни ҳам бездириб қўяди. Ўқиш жараёнидан янгилик изламай қўйдик.
Журналистикага оид бошқа тилдаги дарсликларни таржима қилиш жараёни изчил давом этмоқда. Бироқ талабаларнинг ўзига бажартириладиган бу ишларни дарслик сифатида кейинги келадиганга ўргатилиши қанчалик натижа беради?
Номутахассислик фанлари ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак. Бизга “Солиқ ва солиққа тортиш асослари” фани ўтилди. Ўқитувчи бу курс маърузалари иқтисодий йўналишга ихтисослашган талабалар даражасида тузилганини айтди. Биз бу курсдан ҳеч нарса тушунмадик. Энди сиз айтинг, олти ой ўтилган дарсдан қандай маъно бор?
Бир таклифни ўртага ташламоқчиман. Номутахассислик фанларини мутахассислик фанлари билан омухта тарзда ўтиш режага киритилса, тўғрироғи, бу фанлар бизнинг соҳамизга мослаштирилса, яхши бўларди. Ҳуқуқшунослик фанида журналистикага оид  қонун ҳужжатлари билан танишсак, экология билан бир қаторда экожурналистика асосларидан хабардор бўлиб борсак. Тарихни журналистика тарихи билан, замонавий тарихни геополитика билан   бирга ўргансак, информатика доирасида Масс-медиа техникаси, ОАВда янги компютер технологиялари ва Ахборот хавсизлиги билан танишсак. Этика асослари ва журналист этикасини бирга олиб борсак. Иқтисодиёт асослари фани бизга масс-медиа иқтисодидан ҳам хабар берса. Шунда бизга жуда зарур бўлган, ҳозир ўтилмаётган рус тили ва  саҳна нутқи каби фанлар учун дарс жадвалида жой очилар, таҳлилий журналистика таркибида ўтилаётган журналист суриштиручи каби мураккаб жанрларни яхшироқ ўрганиш учун имкон яраларди. Амалиёт жараёни учун кўпроқ вақт ажратилган бўларди. Кўпларга бу таклиф ёқмаслиги тайин. Уларнинг айтадиган гапини тахмин қилишим мумкин. “ДТС талаблари бор. Ундан четга чиқиб бўлмайди. Журналист учун кераксиз фаннинг ўзи йўқ. у ҳамма нарсадан хабардор бўлиши керак”. Албатта, хабардор бўлиши керак.  Лекин унга  ўқитиладиган фанни соҳа амалиётида қўллаш тушунтирилмаса, бундан қандай наф бор? Ёки бизда ҳам тиббиёт соҳасидаги ОТМларда бўлгани каби номутахассислик фанлари қисқартирилсин. Ахир, худди улардаги каби бизга ҳам амалиёт муҳим.
Дарвоқе, амалиёт ҳақида. Биз айтаётган фанлар қанчалик керакли бўлмасин, қанчалик малакали ўқитувчилар дарс бермасин, у амалиёт билан боғланмас экан,  аҳамияти йўқолади.
Биринчи босқичдаёқ ОАВ таҳририятлари томон йўл оламиз. Бир йилда фалонча материал чиқаришимиз кераклиги айтилади. Бизнинг амалиёт жараёнларга эса ҳеч ким қизиқмайди. (Мисол учун, икки ойлик ёзги амалиётда бешта материал чиқариш умуман газета амалиётидан бехабар ўқитғувчилар қарори экани аниқ. Чунки амалиёт раҳбарлари талабаларнинг илк мақолалари устидан жиддий ишлашларини кутади. – 2017й. Декабр таҳрири) Ўқув йили охирида эса чиқарилган мақолалар сўралади. Амалиёт давомида профессионал журналистларнинг мактабидан сабоқ оламиз. Улар журналистиканинг асл сирлари билан таништирадилар. Бизда “амалиётга бораётган бўлсанг, ўзинг учун боряпсан” деган қараш устувор. Аслида эса биз аудиторияда ўтириб ҳеч нарсани қойиллатмаймиз. Шунинг учун ижодий фаолият билан боғлиқ фанларни ОАВ маҳорат мактабларига кўчириш маъқул. Бу дарс режаларига кўра амалга оширилиши керак. Биз билан амалий машғулот олиб борадиган журналистлар учун ўқув дастурлари ишлаб чиқлишини хоҳлардик. Бугун янгиликлар журналистикаси ўтилиши керакми, кўзга кўринган ОАВнинг профессионал журналисти бизга дарс ўтса, амалиёт ва назария бир тизимга солинса, яхши бўларди. Амалиёт дарсларидан ташқари кунларда талаба ўзи истаган ОАВга бораверади.
Бугун биз келажагимиз учун зарур бўлган эмас, фалон фандан яхши балл олиш учун керак бўлган ишлар билан машғулмиз. Дарсдан кейин ОАВга борамиз. Қайтгач, дарсда берилган топшириқни бажариш, бирор мавзуда материал тайёрлаш, тил ўрганиш қарорлари орасидан  бирини танлашга тўғри келади. Аслида уларнинг бари таълим тизимининг бир қисми-ку! Бироқ бирини танлашимиз керак. Таълим тизимининг ўзи шунга мажбур қиляпти. Шу сабабдан ҳам “қўлида қалами бор” талабанинг дарслардан баҳолари дуруст эмас, инглиз тилини яхши биладиганларнинг саводхонлиги ёмон, дарсларда “аълочи” талабалар эса амалиётни бир амаллаб ёпади. Истиснолар фақат истиснодир.
Талабалар ҳам оппоқ эмас. Бизда “танбалланиш жараёни” кучайиб бормоқда. Ҳақиқий билим олиш, ўзаро ижодий рақобат борасида танбалмиз. Ўқув жараёнининг моҳиятида билим олиш эмас, шунчаки журнал катакларини балл билан тўлдириш ётар экан, бу танбаллик барҳам топмайди.  Юқоридан дарслар  сифати талаб қилинса, биздан давомад талаб қилинади? Гўё давомад зўр бўлса, дарс жараёни талабга жавоб берадигандек. Энг кўп дарс қолдирадиган талаба кун келиб кучли журналист бўлиб етишиши ҳеч гапмас. Чунки у вақтини аудиторияда ўзига қачондир керак бўлиши мумкин бўлган маърузаларни тинглаш билан эмас, ўз касбини эгаллаш учун таҳририятда ўтказган бўлади. Журналистика факультетларида эркин фикр минбари шаклланиши керак. Озгина танқид сабаб талаба сиқувга олинса, ўқитувчилар тутақиб кетса, бундай даргоҳдан ўз фикрида собит тура оладиган журналистлар етишиб чиқиши мумкинми? Шунинг учун ҳам ўртага мудроқлик чўккан. Бу ланжликка барҳам берилмасдан журналистика келажаги ҳақида гапириш мушкул. Биз ўзимизни ислоҳ қилишга қодир бўлмас эканмиз, қандай қилиб жамиятни ислоҳ қиламиз? Ҳурматли устозлар, биздан нима кутяпсиз? Халқаро журналистика факультетида таълим олаётган ҳар бир онги уйғоқ талабанинг кўнглидан шундай ўй ўтади. Бу мулоҳазалардан халқаро журналистика деганларининг аҳволи шу экан-да, деган хаёлга борманг. Тизим шунақа. Устозу талабалар шу тизимга кўнишга мажбур. Мен фақат муаммолар ҳақида сўзладим, холос. Бу мақоланинг ўрнига факультетнинг ютуқлари ҳақида маноқиб ёзсам ҳам бўларди. Бироқ ютуқларимизни бошқалар гапирсин, дедим.
Муаммони кўтаришга ният қилганимда бир фикр хаёлимдан ўтди. Ўзим ўтирган шохни кесишга уринмаяпманми?
Йўқ. Мен факулътетимни яхши кўраман. Бу ерда кўп яхши инсонларни учратдим. Шу жойдан ўз келажагимни қуришни бошладим. Аммо факультетимнинг бунданда яхшироқ бўлишини истайман. Балки, мени нотўғри тушунувчилар ҳам бордир. Бироқ шу даргоҳда қалбимга сингган бир гапни ёдда сақлайман. “Энг асосий мезон – ҳаёт ҳақиқатини акс эттириш”.
Ўзимда ҳам  камчиликлар бор. Менга кимдир “Қани, талабага қўйиладиган талабларга жавоб бер-чи?” – деса, буни уддалай олмаслигим мумкин. Чунки бу талаблар фақатгина менга қўйилган бўлади, бошқаларга эмас. Унга жавоб берадиган талабанинг ўзи йўқ. Эҳҳ, нима бўлса, бўлди.
Ёки буни қуйидагича тушунинг: мен бу ерда истеъмолчиман. Университет бюджетига тўлайдиган пул ҳисобига бериладиган маҳсулотнинг сифатини ҳохлайман, холос.
Бу айтилган фикрларни бир талабанинг тизимга нисбатан муносабати сифатида қабул қилинг.

Суҳроб ЗИЁДОВ
“Адолат кўзгуси” газетаси 2017 йил 22 июнь сони

Jurnalistika universiteti - buni orzu qilgandik

Jurnalistika sohasining yangi hayoti boshlanadi. Biz esa bunga tayyormiz. Eng avval kirish imtihonlari tizimini takomillashtirish kerak. Ijodiy imtihonlarni shaffoflashtirish kerak. Jurnalistik ta‘limning eng nozik jihatlari hisobga olib yangi o‘quv dasturlari ishlab chiqilishi kerak. Zo‘rma-zo‘raki o‘zlashtirilgan dasturlardan xalos bo‘lamiz. Ikki yarim yilda ingliz tilidan 7 marta o‘qituvchi o‘zgarishi kabi ahmoqona holatlar bundan keyin bo‘lmaydi.
"To‘rtinchi hokimiyat"ni qo‘shtirnoq ichidan chiqarish vaqti keldi. Endi atrofimiz, auditoriyamiz biz uchun jamiyat muammolarini yoritishda tramplin bo‘lib beradi. Endi erkin fikr aytgan talabaga "tahsin" yog‘dirilmaydi. Endi "talabalar jurnalist diplomini olmaguncha ishga tahririyatga qabul qilinmasligi haqida yuqori idoralarga taklif bilan chiqmoqchi bo‘lgan" PEDAGOGlar tilini tiyadi. Endi talabalar yutuqlarimizni OAVda targ‘ib qilib, kamchiliklarimizni devoriy gazetaga ham chiqarmasin deydiganlar jim bo‘ladi. Endi faqatgina PREZIDENT yelkasiga olib turgan haq so‘zni aytish yuki bizdek bo‘lg‘usi jurnalistlar yelkasini ham qoraytiradi. Yelkamizni qoraytiradi-yu peshonamizni o‘z kasbimizning asl mashaqqatini totish saodati bilan yoritadi.
Endi bir necha oy oldin matbuotda aytib balolarga qolib yurgan  so‘zlarimni "Mening fikrim" portaliga yozishim mumkin. Nimanidir yaxshiroq qilish mumkinligiga ishonsangiz, u haqida taklif bildirishingoz mumkin endi.
Endi biz O‘zbekiston degan bir so‘zning sofligi uchun bisotimizdagi eng achchiq va eng og‘ir so‘zlarni ham aytamiz. Chunki ko‘nglimizda saqlab, tilga chiqarsak, dakki yeb yurgan so‘zlar, shaxsan davlat rahbari tili bilan aytildi. Endi biz ZO‘R bo‘lamiz. Endi boshqacha bo‘lmaydi. Va hammasi boshqacha bo‘ladi.

Журналистика соҳасида алоҳида университет ташкил этилади - Президент
http://kun.uz/57638614
***
Shavkat Mirziyoyev: Jurnalistlarni yagona universitet atrofida birlashtirish vaqti keldi!
https://korrespondent.uz/9786

пятница, 15 декабря 2017 г.

Тавалло

“Бу мажоз денгизида бир қатра эди у. Ҳақиқат дарёси томон кетди. Ишқ йўли шундай йўлдир, буни ишқдан огоҳ кишилар англагай. Нафс бу асрорни эшитмайди, англамайди, бенасиблар бу кўйга киролмайди”.

Фаридуддин Аттор, “Мантиқ ут-тайр”

Ҳамма мавжудлигу мавҳумликдан устун, барча маҳдудлигу мансубликдан холи Биру Борим! Худбинлигимни ўзинг кечир. Ўзинг мени шундай яратдинг. Бозорда моли ўтмаган савдогардек Сенга нола қилганимдан хижолатдаман. Ахир, недан кулганим, недан куйганим, кимга гул тутганим, кимга ниш санчганим, кимнинг хаёлидан жаннат мевасидай тотинганим, кимнинг ортидан бир тубан махлуқдек боққаним, бор гуноҳиму савобим — ҳаммаси Ўзингга аён.
Сенга ёзган мактубим ўз-ўзимни кўз-кўз қилишмасми? Бу ҳам “мен зўрман” демиш иддаойимга мувофиқ такаббурлигимга далилмасми! Йўқ. Бу — даргоҳингга йўллаган иқрориму изҳорим. Аслида Сенинг қаршингда қандай турсам, бошқа бандаларинг кўзига ҳам шундай кўринишим керак. Аммо қўрқаман. Гуноҳларим шу қадар кўпки...
Улуғвор тоғдан тирноқдек тош кўчса, унга сезилганидек, мендек бир заррангнинг оғриқлари ҳам Сенга етиб боради. Мен-ку мен, ўша тирноқдек тошнинг тоғ сезолмаган, олам мулкида кечган силжиши Сенинг назарингдан четда қолмайди.
“Мен зўрман” дедим. Мен Сен билан зўрман.
“Мен мўъжизаман” дедим. Мен Сенинг мўъжизангман. Сен берган ишқ боис ўзимни яхши кўрсам, бунинг нимаси ёмон? Зотан, дунёдаги энг жирканч мавжудот бўлганимда ҳам ихтиёрингда бўлардим. Ҳар бир яратиғинг — мўъжиза. Чеки фақат Сенгагина аён коинот бағрида Заминнинг муаллақлиги, у океанларни ҳовучида бир томчи сувдек тутиб туриши, Ер шарининг ҳар тарафида одамларнинг тўкилиб кетмай умр кечириши, минглаб галактикалардан тортиб танамдаги кўз кўрмас ҳужайраларимгача биргина қонунингга мувофиқ ҳаракатга келиши — мўъжиза.
Бу мўъжизаларни англаш учун менга берган қатрадек идрокинг  ҳам мўъжиза.
Бирор дарахт баҳорда барглари яшил бўлишию, кузда сариқ тусга киришидан ҳайратланмайди. Бирор қуш ҳавода муаллақ турганидан ҳайрон бўлмайди. Фақатгина мен — одам... Менга ўзимни таниш имконини берганинг учун ўзингга шукрлар бўлсин.
Мен мўъжизаман. Сен танимга най навоси ила руҳ билан бирга жо қилган, қон билан қориб, сунгакларимгача унга йўғрилган Ишқ — менинг мўъжизам.
Ё Худойим, менга яна бир инъом бердинг. Бошқалардан кўпроқ қувониш, бошқалардан қўпроқ дард чекиш, ўз изтиробларимни қоғозга тўкиш бахтини бердинг. Бўлмаса Сенга қандай қилиб бу дилномани битардим? Дунё томонларини адаштирган басирдек илтижоларим ичимда қолиб кетаверармиди?
Сен ишқнинг ўзисан. Кўнглимдаги ишқ қадар менда яшайсан. Кўз олдимда юксак гўзалликни пайдо қиласан-да, “Ана шунга етсанг, сенга дунё саодати насиб бўлади” дейсан. Мен унинг қаршисида қишда қорни кўриб ёқа ушлаган занжидай ҳайратга тушаман.
Ахир, етмоғим учун аввал унга лойиқ бўлишим керак. Шу ўй кўнгилга келган замоноқ покланмоқ истайман. Сўзим, атрофим, ўзимни поклашга қасдланаман. Гоҳ бу гўзаллик тасаввуримдан ғойиб бўлади. Яна ғафлатга бериламан, гуноҳга ғарқ бўламан.
Сен кўзимни очасан. Покланмок ўйини дилга соласан. “Қани, бандам, бу ёғи энди ўзингдан” дейсану, йўлимни ёритасан.
Менинг кўзим очиқ. Энди Сен пинҳон этган гўзалликни излай бошлайман. Қаршимдан чиққан қай бир инсоннинг суратида бу гўзалликнинг зарралари намоён бўлади. Мен унинг ўзим каби мавжудлигидан, энди унга тўйиб термулишим, унга эришишим мумкинлигидан шодланиб кетаман. Яшаш, мақсадлар, бутун дунёни унинг атрофида жамлаб оламан. Ахир, у — буларнинг ҳаммаси. Бу гўзалликка етмоқ ўйи, Сенга етмоқ хаёли каби дилни нурлантира бошлайди. У томон юрарканман, бу гўзаллик янада ўзига чорлайверади. Бироқ тажаллийингни ортмоқлаб юрган инсон бирдан ўзини юксак фаҳмлаб қолади. У мўъжизангни моддий дунё ҳавасларига сарфлаб юрганини қайдан билсин? Ҳайвонот — тириклик демак. Ўз-ўзини идрок этмаслик ва Сенинг ҳимматингни махлуқлик оламига сочиб юборган инсон сийратидан гўзаллик йироқлаша бошлайди.
Чумолига беписанд қараймиз. Кўриб-кўрмай босиб ҳам ўтаверамиз. Қорин ғамидан, тирикчиликдан бошқа нарсани билмайдиган инсоннинг мартабаси Сенинг қошингда инига дон судраб кетаётган чумолиникидан баландми? Чумоли-ку идрокдан маҳрум, ўз саодати ва фожиасидан бехабар махлуқ. Аммо инсонга тафаккур бахш этганинг ҳолда ўзини чумолидан ғариб тутар экан, қай бири кўпроқ гуноҳкор бўлади? Фазода финжон ва тешиккулча айни бир нарса эканлиги фаразини илгари сурган “Пуанкаре” гипотезаси мисол ўз мўъжизасини сезмаган инсон шу мўъжизага мубтало учун чумоли каби аҳамиятсиз экани даҳшатли. У бир мубталоки, суратнинг суратига маҳлиё бўлиб, асл сиймони унутаёзган, у бир мубталоки, баркамол гўзалликни фақат ўзи сингари одам қиёфасидан излайди. Бу ожиз бандалар эса уни уларнинг ўзига мубтало бўлган санаб камситади. Ўз нафси доирасида севгувчилар унга азоб беради. Ё Худо, у — банданг эмас, ошиғинг. У Сенинг мўъжизаларингга қулдай қарамайди. Уларни англашга, севишга интилади. Англагувчингни ўзингдан ўзга англагувчи борми?
Унинг кўз олдида юксалган гўзаллик айни кўз олдида хира торта бошлайди. Яна ғафлатми? О, йўқ. Бошқа керак эмас. Гўзаллик уни қай бир юксакликка кўтарган бўлса, энди шунча пастга ирғитиб юборадими? У телбалардек атрофдан умид ахтаради. Ҳар нигоҳдан ўзига макон излайди. Бир маконки, Сени ва ўзини унга жо эта олсин. Топдим дейди. Топди-им дейди. Сенга шукрлар қилади. Расулинг буюргани каби у бир маъсум кўнгилга сажда қилади. Сен учун, Сенинг мўъжизанг учун унга бош эгади. Унинг кўзларида яширин ненидир мўъжиза гумон қилиб унга талпинади, талпинади, талпинади. Илк бор бошқалар каби оддий ва моддий бахтдан фароғат топиши мумкинлигини ҳис қилади. Ахир, мўъжизаси ёнида бўлади-ку. Бир одам руҳ ва тан учун алоҳида-алоҳида бахтни туя олмайди. Битта бахт бор. Ё руҳ учун, ё тан учун, ёки иккаласи учун ҳам. Руҳ учун бахтга талпинганлар моддий дунёда ғарибу нотавон ўтиб кетади. Тан учун бахтга таплинганлар “худди ҳайвон каби бахтли” бўлар, эҳтимол. Аммо у қандай ҳаддин унутган бандаки, Сендан бу икки мушкулни бир имо билан ҳал қилмоқни илтижо қилади. Бунга фақат Сен қодирсан. У ўзи топган нигоҳдан дунёнинг моддий ва илоҳий бахтини кутади. Қоронғу тун бағридан осмонга, тўлин ой томонга талпинади. Юксалади. Юксалади. Ўз ҳаддини унутади. Фақат шу осмон, шу ой бор, ўзи эса қоронғулик қаърида ўсиб боради. Осмонда энг катта портлашни содир этиш учун ойни, у билан бирга ўша гўзалликни ҳам ўз орбитасига олиб ўтиб кетиш учун юксалаверади, юксалаверади. Қай бир нуқтага келиб тин олади. Қарайди, кўзларига ишонмайди. Кўзлари унга ишонмайди. Оймомо қани? Бу тош узоқдан бунча ялтирамаса, унинг ёғдулари қани? Қуёш нуридан жилоланган ой қайга йўқолди? Демак, қуёш нури — илоҳий гўзаллик бўлмаса, ой ҳам бўлмас экан-да?
Шундай қилиб у ўзи яратган дунёсида, ўзи яратган осмонда ўз қоронғулигида ойсиз қолиб кетди. Кимнинг иши бу? Бундай қилмоққа кимнинг ҳадди сиғди? Наҳотки, ахир, бу — Сен?! Ҳаммаси Сенинг измингда. Фазода сўнаётган улкан юлдуздан тортиб япроқ юзидаги ҳижобдек сирғалааётган шабнамгача Сенинг иродангга бўйсунади. Нега? Нега бир синовга бу ёлғизингни қайта-қайта ташлайверасан? Бунда не ҳикмат бор? Сендан эмас, ўзидан эмас, Сенинг зарраларингдан мўъжиза ахтарган ошиғингга жазоларингми бу?
Минг шукрлар бўлсин бу жазоларга.
Ишққа Сенга сиғингандек сиғинган мардумингни топмоқ ва англамоқ саодатидан айирма. Ҳа, мени, Сен билан зўрман деган мени, Сенинг мўъжизангман деган мени, Сенинг ишқсиз бандаларингни севган мени, ҳақақатни ишқдан излаган мени, банда эмас ошиқман деган мени, Сен кўрсатган гўзалликни ой қилиб осмонга отган, кейин унга ойпарастдек талпинган мени  жамолингдан маҳрум этма.
         * * *
Гуноҳларим сабаб мулзамман.
Ишқим сабаб уйғоқман.
Гўзаллигинг сабаб ҳаётман.
Ўзингга шукур!

Суҳроб ЗИЁ